Ўзбекистон ТИВ Афғонистонда Алишер Навоий ҳайкалининг бузилишига муносабат билдирди

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Афғонистоннинг Мозори-Шариф шаҳридаги Алишер Навоий ҳайкали ва монументининг демонтаж қилиниши муносабати билан баёнот берди.

Маҳаллий Amu.tv нашрининг ёзишича, бу ҳаракат мамлакатдаги туркий халқларга мансуб қатор таълим ва сиёсат вакиллари орасида норозиликка сабаб бўлган.

«Уларнинг сўзларига кўра, толиблар нафақат бошқа халқларнинг маънавий қадриятларига ва инсониятнинг тарихий меросига ҳурматсизлик қилмоқда, балки мамлакатнинг маданий ва тарихий ўзига хослигини ҳам йўқ қилиб, таҳқирламоқда», — дея қайд этади нашр.

Afghanistan International ёзишича, 2025 йил 20 август куни 20 та ташкилот қўшма баёнот билан чиқиб, содир бўлган воқеани «халқнинг умумий хотираси ва Афғонистон миллий ўзига хослигининг бир қисмига очиқ тажовуз» деб қоралади. Улар ЮНЕСКО, халқаро маданий институтлар ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларини Афғонистон меросини ҳимоя қилиш учун шошилинч чоралар кўришга чақирди.

Афғон томонининг тушунтириши

Ўзбекистон ТИВ томонидан олинган маълумотларга кўра, Навоий ҳайкали маҳаллий ҳокимият томонидан демонтаж қилинган, чунки «унинг ўрнатилган жойи буюк мутафаккир хотирасини абадийлаштириш учун етарли даражада муносиб эмас деб топилган». Шоир ва файласуф учун «янада кенгроқ ёдгорлик мажмуаси» қурилиши режалаштирилаётгани хабар қилинмоқда.

Шу билан бирга, ҳайкалнинг бузилиши Афғонистон Ахборот ва маданият вазирлиги ҳамда жамоатчилик билан келишилмаганлиги ва «афғон томони бундан афсусда эканлиги» таъкидланган.

Афғонистон ҳукумати Навоий шарафига янги ёдгорлик ўрнатишга ваъда берди: ҳудудни ободонлаштириш, унинг ҳаёти ва ижоди ҳақида маълумот берувчи лавҳаларни ўрнатиш, шунингдек, майдонга унинг номини бериш режалаштирилган.

«Афғон томони бутун минтақа учун қадрли бўлган буюк мутафаккир хотирасини асраб-авайлашга қатъий содиқлигини таъкидлади ва унинг номини муносиб абадийлаштириш учун барча зарур чораларни кўришини маълум қилди», — дейилади ТИВ баёнотида.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йилда Мозори-Шарифдаги Алишер Навоий тасвири туширилган барельефга ҳам шикаст етказилган эди: унинг ўрнида оқ девор қолган, шоирнинг граффити-портрети бузилган эди. Ўшанда ҳам Ўзбекистон ТИВ афғон вакиллари билан боғланган бўлиб, улар буни вандализм ҳолати деб атаган ва бу ҳодиса вақтинчалик ҳукуматнинг расмий сиёсатини акс эттирмаслигини таъкидлаган эди.

Ўшанда ташқи сиёсат идорасининг хабарида «Афғонистон ҳукумати ёдгорликларни тиклаш бўйича чоралар кўриши ва умумий меросга ҳурмат билан муносабатда бўлишни таъминлаши» айтилган эди.