«Алимент — ижро иши юритишдаги энг муаммоли соҳалардан бири» — МИБ раҳбари

Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси директори Музаффар Эгамбердиев Олий Мажлис Сенатининг 2025 йил 19 декабрь куни бўлиб ўтган ялпи мажлисида суд ҳужжатлари ижроси самарадорлигини ошириш чоралари, тизимни рақамлаштириш, ундирувнинг янги механизмлари, алимент соҳасидаги муаммолар ва ишга тиклаш масалалари ҳақида сўзлаб берди.

Сенаторлар 2025 йил август ойида сайловчилардан суд ва бошқа органлар ҳужжатлари ижроси юзасидан кўплаб шикоятлар келиб тушаётганини кўрсатиб, МИБга парламент сўрови юборган эди.

Таҳлиллар бюро фаолиятида бир қатор салбий ҳолатлар ва тизимли камчиликлар мавжудлигини, шунингдек, ҳал этилиши лозим бўлган масалаларни кўрсатди. Хусусан, 2023—2024 йилларда президентнинг Виртуал ва Халқ қабулхоналарига бюро фаолияти бўйича мурожаатлар сони ортган (2023 йилда — 136,98 мингта, 2024 йилда — 144,79 мингта). Мурожаатларнинг аксарияти алимент ундириш (2023 йилда 69,05 мингта ва 2024 йилда 72,64 мингта), шунингдек, бюро ходимларининг хатти-ҳаракатлари устидан шикоятлар (2023 йилда 8038 та ва 2024 йилда 11,42 мингта) билан боғлиқ.

Сенатда, шунингдек, МИБ мурожаатларни кўриб чиқишга етарлича эътибор қаратмаётгани, бу эса алимент, суд қарорлари ижроси, зарарни ундириш ва ходимларнинг ҳаракатлари бўйича такрорий шикоятларга сабаб бўлаётгани қайд этилди.

Бундан ташқари, 2025 йилнинг биринчи чорагида ишга тиклаш билан боғлиқ 255 та ижро ҳужжати муддатида ижро этилмаган. Ушбу ижро ҳужжатларининг асосий қисми ички ишлар органлари (80 та), солиқ органлари (18 та), таълим соҳаси (16 та), ҳокимликлар (14 та), соғлиқни сақлаш тизими (6 та) ҳиссасига тўғри келади.

Қарздорларнинг бўйин товлаши учун «тирқишлар» ёпилди

Бюро директорининг сўзларига кўра, парламент кўмаги билан мажбурий ижро соҳасига янги механизмлар жорий этилди, жумладан, қарздорларга ҳисоб-китобларни кечиктириш имконини берувчи «тирқишлар» бартараф этилди.

У илгари агар рўйхатдан ўтказувчи органлар қарздорнинг ихтиёрий тугатилиши ҳақида хабар берса, ижро иши юритиш тўхтатилганини ва ҳужжатлар тугатиш бошқарувчисига юборилганини, у эса «кўпинча қарзни ундиришдан манфаатдор бўлмаганини» эслатиб ўтди. Тугатиш бошланганидан кейин назорат механизми бўлмаган, бундан айрим тадбиркорлар тўловларни сунъий равишда кечиктириш учун фойдаланган.

Шу муносабат билан, 2025 йилнинг 22 апрелида қонунчиликка ўзгартиришлар киритилди ва ихтиёрий тугатиш муносабати билан ижро ишини тўхтатиш тартиби бекор қилинди.

Мажбуриятлар реестри

Эгамбердиев тўхталиб ўтган яна бир янгилик — Мажбуриятлар реестрининг жорий этилиши. Илгари ундириш имконияти бўлмаган тақдирда ижро ҳужжатлари ундирувчиларга қайтариб берилган, бу эса қарздорларга тўловдан қочиш имконини берган. Эндиликда, унинг сўзларига кўра, қарздор ҳақидаги маълумотлар реестрга киритилади ва «барча қўлланилган чекловлар сақланган ҳолда» 10 йил давомида сақланади.

«Ушбу тизим қисқа вақт ичида ўз самарадорлигини кўрсатди: реестрга киритилган қарздорлар томонидан илгари ундирувчилар учун йўқотилган 149 млрд сўм маблағ тўланди», — деб қайд этди МИБ раҳбари.

Шунингдек, давлат органлари мансабдор шахсларининг ҳужжатлар ижросини таъминламаганлик учун маъмурий жавобгарлиги кучайтирилди. Бундан ташқари, айрим молиявий-кредит ва давлат хизматларини кўрсатиш қарздорлик мавжудлигини текширишга боғлаб қўйилди:

«Фақатгина охирги бир ой ичида бундай хизматларни кўрсатиш жараёнида 3 млнга яқин кишида ижро ҳужжатлари бўйича қарздорлик аниқланди», — деди.

Ундирув натижалари

Эгамбердиевнинг маълумотларига кўра, жорий йилда жами 51 трлн сўм ундирилган бўлиб, шундан 31,7 трлн сўми давлат фойдасига ўтган. Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан умумий ундирув ҳажми 8 трлн сўмга, давлат фойдасига ундирувлар эса 13 трлн сўмга ошган.

Бундан ташқари:

  • «дафтарлар» (ёшлар, аёллар ва ёрдамга муҳтож шахслар киритилган бошқа дафтарлар) билан боғлиқ жамғармаларга 1,4 трлн сўм йўналтирилди (ўтган йилга нисбатан 352 млрд сўм кўп);
  • илгари ноқонуний ишдан бўшатилган 1102 киши ишга тикланди;
  • иш ҳақи бўйича 33 млрд сўмлик қарздорлик ундирилиши таъминланди;
  • ҳокимликлардан фуқаролар ва тадбиркорлар фойдасига 645 млрд сўмлик компенсация ундирилди;
  • 106 минг нафар қарздор маъмурий жавобгарликка тортилди, 1163 та ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилди.

Унинг сўзларига кўра, бугунги кунда фуқароларни ишга тиклаш билан боғлиқ 141 та иш қолган. Улардан 29 таси бевосита ИИВ органларига тегишли бўлиб, бу «энг муаммоли қисм» ҳисобланади, 27 та иш эса Миграция агентлигига ишга тиклаш билан боғлиқ бўлиб, бу ҳам муайян қийинчиликлар туғдирмоқда.

Рақамлаштириш

Эгамбердиев мамлакатда рақамлаштиришга давлат сиёсати даражасида алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

«Хусусан, MIB Portal тизими 39 та идора ва ташкилотнинг 68 та ахборот тизими билан интеграция қилинган. Қайд этиш лозимки, илгари ижро ҳужжатлари бюро ва тегишли органларга қоғоз шаклида юборилар эди. Ҳозирги вақтда судлардан ва 52 та маъмурий органдан ҳужжатларни электрон қабул қилиш тизими яратилган», — деди.

Давлат ижрочилари тўлиқ планшетлар билан таъминланган, соҳани рақамлаштириш учун 20 дан ортиқ ахборот тизимлари ишлаб чиқилган. Ижро ҳаракатларининг 36 та туридан 22 таси инсон иштирокисиз амалга оширилмоқда.

«Шундай қилиб, охирги 11 ой ичида ижро иши юритиш доирасида қабул қилинган 95 млн қарордан 63 млни ёки 66 фоизи инсон аралашувисиз, автоматик тарзда қабул қилинди. Илгари барча ҳаракатлар ижрочилар томонидан қўлда, қоғоз шаклида бажарилар эди. Ҳозирда ҳаммаси тўлиқ автоматлаштирилган», — дея қўшимча қилди.

Билдиришномаларни автоматлаштириш ва соддалаштирилган ижро

Эгамбердиев қарздорларни ҳар бир ижро ҳаракати ва чекловлар ҳақида автоматик равишда хабардор қилиш тизими жорий этилгани ҳақида ҳам гапирди. 11 ой ичида фуқароларга 76 млн билдиришнома юборилган.

Бундан ташқари, электрон тўлов тизимлари орқали тўлов амалга оширилганда айрим ижро ишларини якунлаш автоматик тарзда амалга оширилади: «11 ой ичида шу йўл билан 1,9 млн ижро иши автоматик равишда якунланди», — деди.

Шунингдек, унинг маълумотларига кўра, 2,4 млн ҳужжат давлат мажбурлов чораларини қўлламасдан, соддалаштирилган тартибда ижро этилган.

«Агар 2021 йилда бир давлат ижрочиси ойига ўртача 113 та ҳужжатни якунлаган бўлса, бугунги кунда бу кўрсаткич 329 тани ташкил этмоқда, натижада иш самарадорлиги қарийб уч баравар ошди», — деб маълум қилди Музаффар Эгамбердиев.

Алимент: ишлар кўпайиши, қарздорларни ишга жойлаштириш ва алимент жамғармаси

Маърузада алимент мавзуси алоҳида блок сифатида янгради. МИБ директорининг сўзларига кўра, бу энг муаммоли йўналишлардан бири.

2020 йилда алимент бўйича 338 мингта ижро ҳужжати бўлган бўлса, ҳозирда улар 476 мингтани ташкил этмоқда, 5 йил ичида ўсиш 138 мингта ёки 41 фоиз бўлган.

2025 йилда 2,7 трлн сўм алимент ундирилган, бу 2024 йилга нисбатан 915 млрд сўмга кўп. Бюро маълумотларига кўра:

  • 23670 нафар ишсиз алимент тўловчи ишга жойлаштирилди;
  • 12870 та оила яраштирилди;
  • 14747 нафар қарздор маъмурий жавобгарликка тортилди, 1149 таси бўйича жиноят иши қўзғатилди.

Шунингдек, Эгамбердиев МДҲ давлатлари орасида фақат Ўзбекистонда мавжуд бўлган алимент тўловларини гаровга олиш жамғармаси ҳақида эслатиб ўтди. Жамғармага дастлаб 50 млрд сўм ажратилган. Ушбу маблағлар уч ой давомида ундириш имкони бўлмаган алиментларни тўлаш учун ажратилади. Тўланган маблағларни МИБ кейинчалик алимент қарздорларидан ундириб олиши керак.

Сенат илгари жамғарма ундирувчиларга 40,6 млрд сўм йўналтиргани, бироқ қарздорлардан ушбу сумманинг атиги 2 фоизини қайтариб олишга муваффақ бўлинганини қайд этган эди.

Жамғарма маблағларидан 2250 нафар ундирувчига 3472 нафар боланинг таъминоти учун 64 млрд сўм тўланган. 2025 йил 23 майдан бошлаб жамғармани доимий тўлдириш механизми амал қилмоқда ва жорий этилгандан буён 11,2 млрд сўм ўтказилган.

Эгамбердиевнинг сўзларига кўра, бу йил Виртуал ва Халқ қабулхоналари орқали 116830 та мурожаат ҳал этилган, мурожаатларнинг умумий сонини 2024 йилга нисбатан 9000 тага камайтиришга эришилган: алимент бўйича — 3200 тага, қарз ва зарарни ундириш бўйича — 6670 тага.

Алимент ундиришни қийинлаштирадиган яна бир омил: 361 минг нафар алимент тўловчининг 163 минг нафари (ёки 46 фоизи) доимий даромадга эга эмас.

Юкламанинг ортиши

«Гарчи бизнинг иш тадбирларимиз деярли ўзгармаган бўлса-да, ижро ҳужжатларининг келиб тушиши йилдан-йилга кўпаймоқда, бу эса давлат ижрочиларига юкламанинг ортишига олиб келмоқда. Таҳлилларга кўра, ўтган 11 ой ичида 10,3 млн ҳужжат келиб тушган, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2,4 млнга ёки 31 фоизга кўпдир», — деб таъкидлади.

2020 йилга нисбатан келиб тушаётган ҳужжатлар сони 7,5 миллионтага ёки 3,7 бараварга кўпайган.

Коррупцияга қарши кураш

Коррупцияга қарши кураш ҳақида гапирганда, бюро директори аниқланаётган коррупцион жиноятларнинг аксарияти ундирилган маблағларни ўзлаштириш, тақиқларни бекор қилиш, жарималарни қўлламаслик ва ундириш имконсизлиги баҳонасида ижро ишларини ноқонуний якунлаш билан боғлиқлигини айтди.

Профилактика учун бюро 3 йўналишда ишламоқда: қонунчиликни такомиллаштириш, инсон омилини камайтириш учун ИТ-воситаларини кенгайтириш ва идоравий назоратни кучайтириш.

Унинг сўзларига кўра, онлайн тўловлар жорий этилган, шунингдек, тақиқ ва хатлов қўйиш, инкассо ва транспортни қидириш жараёнлари тўлиқ автоматлаштирилган. 11 ой ичида автоматик равишда:

  • 17,2 млн мулк объектига тақиқ қўйилди;
  • 1,8 млн ҳисобрақам хатланди;
  • 669 мингта инкассо топшириқномаси чиқарилди;
  • 2,1 млн транспорт воситасига нисбатан қидирув эълон қилинди.

Электрон тўлов тизимлари орқали ушбу даврда 17 трлн сўм ундирилди, қарздорлик тўланганидан кейин 200 мингта чеклов автоматик равишда бекор қилинди. Шунингдек, давлат ижрочиларининг 48 турдаги ҳаракатларини турли даражаларда назорат қилишнинг ягона механизми жорий этилди. Бундан ташқари, коррупциянинг олдини олиш мақсадида давлат ижрочиларини мобил видеокамералар билан таъминлаш ишлари олиб борилмоқда.

Ходимлар малакаси ва ўқитиш

МИБ директори тизимдаги ходимларнинг аксарияти етарли билим ва кўникмаларга эга эканини қайд этди. «Бироқ, айрим ходимларимизнинг касбий малакаси етишмаслиги кўпинча такрорий хатоларга олиб келаётганини тан олишимиз керак».

«Шу боис, биз Бош прокуратура ҳузуридаги Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйган ҳолда ходимларимизни босқичма-босқич ўқитмоқдамиз. Бугунги кунга келиб 1400 дан ортиқ ижрочимизнинг малака ошириш курсларида ўқишини таъминладик ва бу кўрсаткичларни йилдан-йилга ошириб боришни мақсад қилганмиз», — деб маълум қилди Эгамбердиев.