Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 22/12/2025

Суд Акмал Шукуровга нисбатан жазони енгиллаштирди ва қамоқ жазосини озодликни чеклашга алмаштирди

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди апелляция инстанцияси муқаддам фирибгарлик, безорилик ва баданга оғир шикаст етказишда айбланиб ҳукм қилинган Акмал Шукуровга нисбатан чиқарилган ҳукмни ўзгартирди ва уни қамоқдан озод қилди. «Газета» суд қарорини ўрганиб чиқди.

Иш материалларидан келиб чиқишича (суд қарорида судланувчининг исми ААА деб ўзгартирилган), Шукуров фуқаро И. Ш.га Германиядан учта Mercedes-Benz микроавтобусини етказиб беришни ваъда қилиб, 2022 йил 8 августга қадар ундан 215 минг евро олган. Бироқ 2 та автомобиль етказиб берилмаган, айбланувчи эса 191,6 минг еврони шахсий эҳтиёжлари учун сарфлаб юборган.

Бундан ташқари, у 2024 йил 17 ноябрга ўтар кечаси Мирзо Улуғбек туманидаги Bootlegger кафесида танишини калтаклаган. 2025 йил 16 мартга ўтар кечаси эса Яккасарой туманидаги The Tower меҳмонхонаси яқинида Шукуров бир аёлга шилқимлик қилган, сўнгра унинг турмуш ўртоғига, аёлнинг ўзига ва яна бир эркакка зарбалар берган.

Суд маълумотларига кўра, ўша куни Шукуров унинг безорилик ҳаракатларини тўхтатмоқчи бўлган Авакянни мушти билан урган. Жабрланувчи ҳаёти учун хавфли бўлган оғир тан жароҳати олган ва бош мия жароҳати билан шифохонага ётқизилган.

Унинг яқинлари эркакнинг бош суягида трепанация амалиёти ўтказилганини, шундан сўнг у сунъий кома ҳолатида бўлганини хабар қилишган. Воқеадан кейин Шукуров яширинган, бироқ Қозоғистонда қўлга олинган.

Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судининг 2025 йил 24 октябрдаги ҳукми билан у Жиноят кодексининг учта моддаси бўйича айбдор деб топилган ва 8 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум этилган эди:

  • 104-модда 2-қисми «э» банди (безорилик оқибатида қасддан баданга оғир шикаст етказиш);
  • 168-модда 4-қисми «а» банди (жуда кўп миқдорда фирибгарлик);
  • 277-модда 3-қисми «г» банди (жамоат тартибини сақлаш вазифасини бажараётган ҳокимият вакили ёки жамоатчилик вакилига ёхуд безорилик ҳаракатларининг олдини олган бошқа фуқароларга қаршилик кўрсатиш билан боғлиқ безорилик).

Бироқ апелляция суди 2025 йил 9 декабрдаги мажлисда (1,5 ой ўтиб) айбига қисман иқрор бўлиш, пушаймонлик, муқаддам судланмагани, шунингдек, жабрланувчиларнинг моддий ва маънавий даъволари йўқлиги ҳамда озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлашни сўраганларини енгиллаштирувчи ҳолатлар деб топди.

Фирибгарлик эпизоди бўйича зарар тўлиқ қопланган: Шукуровнинг қариндошлари томонидан депозит ҳисоб рақамига ўтказилган 2,694 млрд сўмдан 2,301 млрд сўми жабрланувчига йўналтирилган. Бошқа эпизодлар бўйича суд фуқаровий даъволар мавжуд эмаслигини кўрсатган.

Апелляция инстанциясининг 9 декабрдаги ажрими билан суд Жиноят кодексининг 57-моддасини (Енгилроқ жазо тайинлаш) қўллади ва Шукуровга ахлоқ тузатиш ишлари ҳамда озодликни чеклаш жазосини тайинлади. Якуний жазо 4 йил 1 ой озодликни чеклаш этиб белгиланди. Ҳибсда ўтказилган 263 кунни ҳисобга олган ҳолда, ўташ учун 3 йил 3 ой 11 кун қолди. У суд залининг ўзида озодликка чиқарилди.

Шу билан бирга, қарорда судланувчига айнан қандай чекловлар қўйилгани кўрсатилмаган.

«Газета.uz» аввалроқ Акмал Бобоқул ўғли Шукуров Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди (жуда кўп миқдорда фирибгарлик / базавий ҳисоблаш миқдорининг 400 бараваридан 600 бараваригача жарима ёки 8 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади) бўйича жиноят содир этганликда гумон қилиниб қидирувда бўлгани, бироқ кейинчалик қидирувдан олиб ташлангани ҳақида хабар берган эди.

Бундан олдин, 2022 йилда Шукуров кафедаги безориликда айбланган, бироқ ўшанда иш томонларнинг ярашгани муносабати билан тугатилган эди.