
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги «Адолат» социал-демократик партияси фракцияси Тошкент вилоятидаги мактабгача таълим муассасаларида болаларнинг оммавий заҳарланиш ҳолатлари юзасидан Бош прокуратурага депутат сўрови юборди. Бу ҳақда партия матбуот хизмати хабар берди.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йил 25 сентярь куни эрталаб Пскент ва Бўка туманларидаги болалар боғчалари тарбияланувчилари заҳарланиш аломатлари билан касалхонага ётқизилаётгани маълум бўлган эди. Дастлабки маълумотларга кўра, соғлиқнинг ёмонлашишига сифатсиз кефир сабаб бўлган. Эпидемиологик текширув ўтказилмоқда. Ўша куни кечқурун шифохоналарда 109 нафар бола бўлган, уларнинг аксарияти — Оққўрғон туманида. Санитария-эпидемиологик фаровонлик қўмитаси томонидан «Газета»га тақдим этилган сўнгги маълумотларга кўра, 2025 йил 26 сентябрь тонгига келиб вилоятда 941 нафар бемор енгил ва оғир, 22 нафар бемор ўртача ва оғир даражадаги аҳволда қайд этилган.
Парламент аъзолари сўровда болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш зарурлиги ҳақидаги ўз позицияларини билдирганлар, шунингдек, болаларнинг оммавий заҳарланишига алоқадор шахсларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо беришни талаб қилганлар.
Партия юз берган ҳодиса нафақат тиббий-санитария муаммоси, балки «ижтимоий ташвишли сигнал» эканини таъкидлади. «Фарзандларимизнинг саломатлиги, ҳаёти ва келажаги биринчи ўринда туриши керак, — дея баёнот берилди СДПда. — Уларга тақдим этилаётган маҳсулотлар сифати устидан назоратнинг етарли эмаслиги ҳозирги вазиятнинг асосий сабабидир».
Партия вакилларининг сўзларига кўра, «болалар саломатлиги билан боғлиқ соҳаларда стандартлар, қоидалар ва санитария нормаларига қатъий риоя қилиш ҳар бир ишлаб чиқарувчи ва етказиб берувчининг бевосита мажбурияти бўлиши керак». «Адолат» ҳодиса «ишлаб чиқарувчилар ва етказиб берувчилар фаолияти устидан жамоатчилик назорати ва шаффоф мониторинг механизмларини кенгайтириш зарурлигини» кўрсатганини қайд этди.
Вазият партиянинг сиёсий кенгаши ва унинг парламентдаги фракцияси назоратига олинган. Муаммонинг ҳақиқий ҳолатлари ва сабабларини аниқлаш учун парламент ва маҳаллий кенгашлар депутатлари иштирокида тузилган ишчи гуруҳи оммавий заҳарланиш содир бўлган Тошкент вилояти туманларида вазиятни ўрганишни бошлади.
«Ушбу вазиятга олиб келган барча сабаблар чуқур текширилиши, айбдор шахслар эса жавобгарликка тортилиши керак. Шу билан бир қаторда, озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги давлат назоратини тубдан кучайтириш зарур», — дея баёнот берди партия.