Ангрендаги А-373 трассасидаги Қорабаусой дарёси устидаги кўприкнинг бир қисми қулаб тушди

13 май куни тахминан соат 20:00 ларда Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳри яқинидаги А-373 автомобиль йўлининг 85-километрида Қорабаусой дарёси устидаги кўприкнинг бир қисми қулаб тушди. Бу ҳақда фото ва видеолар ижтимоий тармоқларда пайдо бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари қўмитасининг хабар беришича, узунлиги 22,1 метр бўлган четки тўсин қулаб тушган. Кўприк бўйлаб Тошкентдан ҳаракатланиш ёпилган, транспорт воситалари айланма йўл – D-019 йўлига йўналтирилган.

Кўприкни текшириш шуни кўрсатдики, кўприкнинг оралиқ қурилмаларининг тўсинлари техник жиҳатдан эскирган, ҳақиқий юкларни кўтара олмайди, устки қоплама норматив қалинликдан ошиб кетган ва ортиқча юкни ҳосил қилади, тўсинлар ягона конструкция сифатида эмас, балки алоҳида элементлар сифатида ишлайди. Қопламадаги ёриқлар орқали намлик ичкарига кириб, арматуранинг коррозияси ва емирилишига олиб келади.

Иншоотнинг техник ҳолати қониқарсиз деб топилди. Мумкин бўлган аварияларнинг олдини олиш мақсадида кўприкни тўлиқ реконструкция қилиш режалаштирилган.

Кўприк 1969 йилда қурилган ва 1995 йилда қайта таъмирланган. Унинг конструкцияси ҳар бири 22,2 метрдан бўлган учта оралиқни ўз ичига олади. Умумий узунлиги 66,6 метрни ташкил қилади.