Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш

«Ўзбекнефтгаз» раҳбари тўртта нефть базаси бошлиқларини ишдан бўшатди

«Ўзбекнефтгаз» компаниясининг янги тайинланган бошқарув раиси Абдуғани Сангинов Термиз, Жиззах, Мароқанд ва Кучлик нефть базалари бошлиқларини лавозимидан озод этди, деб хабар берди компания матбуот хизмати.

2026 йил 8 январь куни бўлиб ўтган йиғилишда таъкидланишича, ушбу раҳбарлар йил давомида жиддий қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйган.

Сангинов нефть базалари фаолиятида аҳолини сифатли нефть маҳсулотлари билан таъминлаш, хизматларни ҳалоллик, поклик ва шаффофлик тамойиллари асосида кўрсатиш устувор вазифа бўлиши кераклигини қайд этди.

Аввалроқ Нодир Убайдуллаевич Муҳиддинов «Ўзбекнефтгаз» бошқарув раисининг геология масалалари бўйича ўринбосари этиб тайинланган эди. У 2020—2021 йилларда Давлат геология қўмитаси раиси ўринбосари сифатида нефть ва газ бўйича геология-қидирув ишларини мувофиқлаштирган. 2021—2023 йилларда Давлат геология қўмитаси раисининг шу йўналишлар бўйича маслаҳатчиси бўлиб ишлаган.

2023—2024 йилларда Ўзбекистон тоғ-кон саноати ва геология вазирининг нефть-газ геология-қидируви масалалари бўйича маслаҳатчиси бўлган. 2024—2025 йилларда «Янги Кон» МЧЖ лойиҳа офисига раҳбарлик қилган ҳамда бош директорнинг геология бўйича ўринбосари, сўнгра бош директорнинг биринчи ўринбосари — компания бош менеджери лавозимларида фаолият юритган.

«Ўзбекнефтгаз» тизимида нефть-газ объектларини қуриш, реконструкция қилиш, қудуқларни бурғилаш ва капитал таъмирлаш учун масъул бўлган «Нефтгаз инжиниринг» ягона буюртмачи хизмати ташкил этилди.

Илгари бу ишлар турли пудрат ташкилотлари томонидан амалга оширилар эди. Айрим ҳолларда ишлар сифатсиз бажарилган ёки белгиланган муддатларда якунланмаган, бу эса қазиб олиш жараёнларида узилишларга сабаб бўлиб, компаниянинг молиявий ҳолатига салбий таъсир кўрсатган.

Сангинов раислигида ўтган йиғилишда қурилиш соҳасини тубдан ислоҳ қилиш зарурлиги таъкидланди. Жамият тизимида қурилиш объектлари сони ортиб бораётган бир шароитда харажатларни оптималлаштириш, сифат назоратини кучайтириш ва лойиҳаларни ўз вақтида ишга туширишни таъминлаш вазифалари алоҳида долзарблик касб этмоқда.

Ҳар йили 200 га яқин объектни фойдаланишга топшириш режалаштирилган бўлса-да, йилдан-йилга келгуси йилга ўтувчи лойиҳалар сони ортиб бормоқда. Тугалланмаган қурилиш объектлари улушининг ўсиши нафақат ишлаб чиқариш жараёнларига, балки компаниянинг молиявий аҳволига ҳам салбий таъсир кўрсатади.

Хусусан, Ўзбекистон Солиқ кодексига мувофиқ, тугалланмаган қурилиш объектларига нисбатан мол-мулк ва ер солиғининг юқори ставкалари қўлланилади, бу эса қўшимча солиқ юкини келтириб чиқаради.

Халқаро тажрибани ҳисобга олган ҳолда, қурилиш фаолияти самарадорлигини ошириш, бошқарувни марказлаштириш, масъулиятни аниқ тақсимлаш ва назоратни кучайтириш мақсадида жамият қошида ягона буюртмачи хизмати вазифасини бажарувчи «Нефтгаз инжиниринг» МЧЖ ташкил этилди.

Компания маълумотларига кўра, ягона буюртмачи хизматининг ташкил этилиши лойиҳаларнинг чўзилиб кетиш хавфини камайтиришга, қурилиш сифатини оширишга ва молиявий харажатларни оптималлаштиришга хизмат қилиши керак.

2025 йил декабрь ойида Абдуғани Сангинов Баҳодир Сидиқовнинг ўрнига «Ўзбекнефтгаз» раҳбари этиб тайинланган эди. Янги раҳбар қисқа муддатда компанияни трансформация қилишнинг янги стратегиясини тасдиқлаш режаларини маълум қилди.

Шунингдек, у компания бошқарувида асосий ўзгаришларни амалга ошириш учун «зарбдор 100 кунлик» эълон қилди. Бунда стратегик ва операцион қисмларни ажратиш, геология-қидирув харажатларини оптималлаштириш, қазиб олишда «ҳажм кетидан қувиш»дан воз кечиб, конлар рентабеллигини оширишга ўтиш, кредит юкини камайтириш ва рақамлаштириш каби вазифалар белгиланган.