Сенат Ўзбекистоннинг 2026 йилги давлат бюджети тўғрисидаги қонунни маъқуллади

Олий Мажлис Сенати 2025 йил 18 декабрдаги мажлисида Ўзбекистоннинг 2026 йилги давлат бюджети тўғрисидаги қонунни ҳамда келаси йилги солиқ-бюджет сиёсатининг асосий йўналишларига оид қонунни маъқуллади.

Бош вазир ўринбосари, иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров маъруза билан чиқиб, асосий макроиқтисодий прогнозлар, бюджет параметрлари ва солиқ-бюджет сиёсатидаги ўзгаришларни тақдим этди.

Макроиқтисодий прогнозлар

Тақдим этилган маълумотларга кўра, 2026 йилда қуйидагилар кутилмоқда:

  • иқтисодий ўсиш — 6,6 фоиз;
  • аҳоли жон бошига ЯИМ — 4000 доллардан юқори;
  • инфляция — 7 фоиздан ошмайди.

Консолидациялашган бюджет даромадлари 515,8 трлн сўм, харажатлари — 567,0 трлн сўм, фискал тақчиллик — тахминан 60 трлн сўм (ЯИМнинг 3 фоизи) миқдорида режалаштирилган.

Бозор хизматлари ҳажми 14,5 фоизга, саноат ишлаб чиқариши — 6,4 фоизга, қурилиш ишлари — 10,2 фоизга, қишлоқ хўжалиги — 4,2 фоизга ўсиши кутилмоқда. Иқтисодий ўсишга, шунингдек, кредит портфелининг 13,1 фоизга, асосий капиталга инвестицияларнинг — 8,1 фоизга ҳамда олтинни ҳисобга олмаганда экспортнинг 15,1 фоизга кўпайиши хизмат қилади.

Вазир 2025 йилда Fitch ва S&P рейтинг агентликлари Ўзбекистоннинг суверен рейтингини оширганини, бу эса мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлиги ошишига ва қарз ресурсларининг арзонлашишига ёрдам беришини эслатиб ўтди.

2026 йил учун қарз маблағларини жалб қилишнинг чегаравий параметрлари қуйидаги даражада белгиланди:

  • 2,5 млрд доллар — давлат бюджети тақчиллигини молиялаштириш учун;
  • 2,5 млрд доллар — инвестиция лойиҳалари учун.

Давлат қимматли қоғозларининг чегаравий соф ҳажми 30 трлн сўмни, янги давлат-хусусий шериклик лойиҳаларининг максимал қиймати эса 6,5 млрд долларни ташкил этади.

Солиқ сиёсати

Жамшид Қўчқоровнинг сўзларига кўра, 2026 йилда бизнес учун барқарорлик ва олдиндан прогноз қилиш имкониятини таъминлаш мақсадида асосий солиқ ставкалари ўзгаришсиз қолади. Хусусан, қуйидагилар аввалги даражада сақланади:

  • фойда солиғи — 15 фоиз;
  • ЖШДС (даромад солиғи) — 12 фоиз;
  • ҚҚС — 12 фоиз;
  • ижтимоий солиқ — 12 фоиз (бюджет ташкилотлари учун 25 фоиз);
  • айланмадан олинадиган солиқ — 4 фоиз;
  • юридик шахсларнинг мол-мулк солиғи — 1,5 фоиз.

2026 йил 1 январдан бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича қатор чоралар жорий этилади. Илк бор айланмадан олинадиган солиқдан ҚҚС ва фойда солиғига ўтаётган компаниялар бир йил давомида фойда солиғидан озод қилинади. Уларнинг олти ой давомидаги бухгалтерия хизматлари учун харажатлари солиқ солинадиган базани ҳисоблашда инобатга олиниши мумкин бўлади.

Айланмаси 1 млрд сўмгача бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилганлар учун айланмадан олинадиган солиқ ставкаси 1 фоизгача туширилади, шу билан бирга ЯТТлар учун белгиланган миқдордаги даромад солиғи ва даромади 100 млн сўмгача бўлган ўзини ўзи банд қилган шахсларни солиқдан озод қилиш тартиби бекор қилинади.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари учун ҚҚСнинг ноль ставкаси жорий этилади, ҚҚС бўйича манфий фарқни қайтариш эса уч кун ичида автоматик тарзда амалга оширилади.

ЖСТ талабларини инобатга олган ҳолда, 2026 йил 1 июлдан импорт ва маҳаллий маҳсулотлар учун акциз ставкаларини тенглаштириш режалаштирилмоқда. Хусусан:

  • алкоголли ичимликлар — литри учун 48 000 сўм;
  • табиий вино — 10 000 сўм, бошқа винолар — литри учун 12 000 сўм;
  • пиво — литри учун 4000 сўм.

2026 йил 1 апрелдан ширин ичимликлар учун таркибидаги шакар миқдорига қараб прогрессив акциз, шунингдек, 1 кг картошка чипслари учун 15 минг сўм миқдорида акциз жорий этилади.

Бюджет харажатлари ва ижтимоий соҳа

2026 йилги давлат бюджети харажатлари 402,6 трлн сўмни ташкил этади, шундан 54,7 фоизи (220 трлн сўм) ижтимоий соҳага йўналтирилади.

Таълим соҳасига 100 трлн сўм (бюджет барча харажатларининг 25 фоизи), соғлиқни сақлашга — 49 трлн сўм йўналтириш режалаштирилган, бу 2025 йилдагига нисбатан 5 трлн сўмга кўпдир. Спорт харажатлари 3,7 трлн сўмни, маданият харажатлари эса 4,4 трлн сўмни ташкил этади.

2026 йилдан бошлаб ҳомиладорлик ва туғиш нафақалари, 1 июлдан эса вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақалари Ижтимоий суғурта жамғармаси орқали тўланади. Ушбу мақсадлар учун 3,4 трлн сўм, жумладан, бюджетдан 1,5 трлн сўм трансфертлар кўзда тутилган.

Уй-жой шароитларини яхшилаш дастурига 2026 йилда 15 трлн сўм ажратилади, шундан 12,3 трлн сўми — ипотека кредитлашига ва 2,7 трлн сўми — субсидияларга йўналтирилади.

«Ташаббусли бюджет» ва ҳудудлар

«Ташаббусли бюджет» дастурига 6 трлн сўм кўзда тутилган. Ушбу маблағнинг 496 млрд сўми — депутатлик ташаббуслари амалиётини жорий этишга, 506 млрд сўми — аҳоли ва давлат ўртасидаги «биргаликда молиялаштириш» шериклиги форматидаги лойиҳаларни амалга оширишга сарфланади.

Қонунчилик палатасининг ҳар бир депутати мавсумда қўшимча равишда битта лойиҳани танлаш ҳуқуқига эга бўлади, бунинг учун 3,3 млрд сўмдан маблағ ажратилади.

Туман, шаҳар ва маҳаллаларни «Янги Ўзбекистон» форматида ривожлантиришга 3,9 трлн сўм, яна 1 трлн сўм — саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш соҳаларидаги «драйвер» лойиҳалар инфратузилмасига йўналтирилиши режалаштирилган.

2026 йилдан ҚҚС тушумларининг 5 фоизи Тошкент шаҳри бюджетига, 20 фоизи — Қорақалпоғистон ва вилоятлар бюджетларига йўналтирилади. Натижада маҳаллий бюджетлар ихтиёрида 4,3 трлн сўм қолади. Ушбу маблағнинг камида 50 фоизи туман ва шаҳар бюджетларига йўналтирилиши шарт.

Маҳаллий бюджетлар даромадлари 2026 йилда 76 трлн сўмни, харажатлари — 95,6 трлн сўмни ташкил этади. Консолидациялашган бюджет ЯИМнинг 3 фоизи ёки 60 трлн сўм миқдоридаги тақчиллик билан якунланади.