
Ўзбекистон Адлия вазирлиги 2026 йил 16 март куни кўчмас мулк ва автомобиллар олди-сотди шартномалари бўйича ҳисоб-китоб қилишда нотариуслар ва банклар ўртасида электрон маълумот алмашинуви тартибини тартибга солувчи низомни рўйхатдан ўтказди.
Ушбу тартиб 2026 йил 1 апрелдан кучга киради ва қуйидагиларга татбиқ этилади:
- кўчмас мулк объектлари;
- ишлаб чиқарилганига 10 йилдан ошмаган M, N, O ва G тоифадаги транспорт воситалари;
- махсус автотранспорт воситалари.
Низом уй-жой қурилишига инвестиция киритиш шартномалари асосида расмийлаштириладиган битимларга нисбатан қўлланилмайди.
Ҳужжатда белгиланишича, бундай битимлар бўйича ҳисоб-китоблар эскроу-ҳисобварақлар орқали амалга оширилади. Харидор ёки унинг вакили банкда ҳисобварақ очиши ва унга келишилган суммани нақд ёки нақд пулсиз шаклда киритиши лозим. Агар тўловни бўлиб-бўлиб тўлаш кўзда тутилган бўлса, келишилган бошланғич тўлов киритилади. Маблағлар сотувчига фақат шартнома нотариус томонидан тасдиқланганидан кейин ўтказиб берилади.
Низомга мувофиқ, нотариуслар битимни тасдиқлашдан олдин автоматлаштирилган тизим орқали эскроу-ҳисобварағида маблағ борлигини текшириши шарт. Маблағ бўлмаган ёки ҳисобварақ ёпилган тақдирда, нотариус шартномани тасдиқлашни рад этишга ҳақли.
Битим тасдиқланганидан сўнг нотариус банкка электрон билдиришнома юборади, унинг асосида маблағлар ўша куннинг ўзида автоматик равишда сотувчига ўтказилади. Агар маълумот иш вақти тугаганидан кейин келиб тушса — кейинги иш кунида ўтказилади.
Ҳужжатда эскроу-ҳисобварақларни банкларнинг мобил иловалари орқали очиш ва юритиш, шунингдек, мижознинг мавжуд ҳисобварақларидан (карта, талаб қилиб олингунча ёки электрон ҳамёнлар) фойдаланиш имконияти кўзда тутилган.
Агар битим кредит ҳисобига молиялаштирилса, кредит берувчи банк нотариусни хабардор қилади ва маблағлар шартнома тасдиқланганидан кейин сотувчига ўтказилади. Зарурат туғилганда, маблағлар олувчининг сўровига кўра нақд кўринишда берилиши мумкин.
Адлия вазирлиги ва Марказий банк низом талаблари ижросини доимий мониторинг қилиб боради. Белгиланган нормаларни бузганлик учун қонунчиликка мувофиқ жавобгарлик кўзда тутилган.
Низом билан банклар томонидан «Нотариус» тизимига тақдим этиладиган маълумотлар рўйхати ҳам тасдиқланди:
- томонларнинг фамилияси, исми ва отасининг исми;
- томонларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат серияси ва рақами;
- жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШШИР); агар томонлардан бири юридик шахс бўлса — унинг номи ва солиқ тўловчининг идентификация рақами (СТИР);
- шартнома объекти ҳақидаги маълумотлар;
- шартнома суммаси;
- эскроу-ҳисобварақ очилган банк коди;
- эскроу-ҳисобварақ рақами;
- эскроу-ҳисобварағига киритилган пул маблағлари суммаси;
- ўтказилиши лозим бўлган кредит маблағлари суммаси (агар шартнома кредит ҳисобига молиялаштирилса);
- сотувчига ёки унинг вакилига ўтказилиши лозим бўлган пул маблағлари суммаси;
- сотувчининг ёки унинг вакилининг ҳисобварағига хизмат кўрсатувчи банк коди;
- сотувчининг ёки унинг вакилининг банк ҳисобварағи (ҳисобварақлари);
- сотувчининг ёки унинг вакилининг транзит ҳисобварағи (банк картасига ўтказилганда);
- сотувчининг ёки унинг вакилининг банк картаси рақами (картага ўтказилганда).
Агар маблағлар бир нечта сотувчига ёки уларнинг вакилларига ўтказилса, маълумотлар уларнинг ҳар бири бўйича алоҳида тақдим этилади.
Ўз навбатида, нотариуслар банкларнинг электрон тизимларига шартнома ҳақидаги маълумотларни, жумладан, унинг реестр рақами, рўйхатдан ўтказилган санаси ва вақти, шунингдек, битим тузилганлиги ёки тузилмаганлиги ҳақидаги белгини юборадилар. Маълумотлар рўйхатига томонларнинг Ф.И.О., шахсини тасдиқловчи ҳужжат реквизитлари, ЖШШИР (ёки юридик шахслар учун номи ва СТИР), объект ва шартнома суммаси ҳақидаги ахборотлар ҳам киради. Қўшимча равишда сотувчига ўтказилиши лозим бўлган сумма, хизмат кўрсатувчи банк коди, банк ҳисобварақлари, картага ўтказилганда эса транзит ҳисобварағи ва карта рақами кўрсатилади.
Эслатиб ўтамиз, Президент фармони билан 2026 йил 1 апрелдан бошлаб кўчмас мулк ва машиналар билан боғлиқ битимлар фақат банк карталари ёки электрон тўлов тизимлари орқали амалга оширилади. Шунингдек, қиймати 25 млн сўмдан ортиқ бўлган тўловлар ва бошқалар ҳам нақд пулсиз шаклга ўтказилади.