
2025 йилда Ўзбекистонда дарахт ва буталарни ноқонуний кесиш билан боғлиқ 2328 та ҳуқуқбузарлик аниқланди. Бу ҳақда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Идора маълумотларига кўра, 953 та қимматбаҳо ва 2388 та кам қимматли дарахтлар ноқонуний кесилган. Ушбу ҳолатлар бўйича табиатга етказилган зарар 13,3 млрд сўмга баҳоланди. Мазкур ҳуқуқбузарликлар учун 20,5 млрд сўм миқдорида жарималар тайинланди.
Бундан ташқари, 34,09 млрд сўмлик тахминий зарар етказилган 44 та ҳолат бўйича ҳужжатлар ҳуқуқий баҳо бериш учун прокуратура органларига юборилди. 33 та ҳуқуқбузарлик юзасидан жиноят ишлари қўзғатилди.
Дарахтларни ноқонуний кесиш ҳолатлари энг кўп Тошкент шаҳри (338 та ҳолат), Бухоро вилояти (281 та) ва Қорақалпоғистонда (268 та) кузатилган.
2025 йилнинг ноябрь ойида пойтахтнинг Бобур кўчасида 174 та дарахт ва бутанинг кесиб ташланиши жамоатчилик ўртасида катта резонанс келтириб чиқарган эди. Етказилган зарар 1,46 млрд сўмга баҳоланган. Самарқанд вилоятининг Булунғур туманида эса канални бетонлаш жараёнида 1000 га яқин дарахт кесиб ташланган.
Таққослаш учун: 2021 йилда қимматбаҳо навдаги дарахтларни ноқонуний кесиш ҳолатлари сони 4182 тани, 2022 йилда — 1669 тани, 2023 йилда — 1097 тани, 2024 йилда эса 1098 тани ташкил этган эди.

