
Ўзбекистон Солиқ қўмитаси Soliq мобил иловасида концерт-томоша фаолияти вакиллари учун солиқ декларациясини топшириш бўйича янги хизматнинг жорий этилиши бўйича илк натижаларни маълум қилди.
2025 йил июнь ойи охирида ишга туширилган ушбу хизмат хонанда ва ижрочиларга йиллик умумий даромадлари тўғрисидаги декларацияни соддалаштирилган тартибда солиқ органларига тақдим этиш имконини беради. Бунинг учун тизим «Ўзбекконцерт» давлат муассасаси маълумотлар базаси билан интеграция қилинган.
Иловада шахсини ва Face-ID’ни тасдиқлаган лицензияга эга санъаткорлар хизматдан автоматик тарзда фойдаланишлари мумкин.
Қўмита маълумотларига кўра, ҳозирда 1954 нафар лицензия эгаси солиқ декларациясини топширган.
Топширилган декларациялар сони бўйича кучли бешликка қуйидаги вилоятлар киради:
- Хоразм вилояти — 294;
- Тошкент шаҳри — 291;
- Бухоро вилояти — 212;
- Самарқанд вилояти — 207;
- Тошкент вилояти — 157.
Бундан ташқари, Солиқ қўмитаси концерт-ижрочилик соҳаси вакиллари орасида #mendeklaratsiyatopshirdim_challenge ва #яподаюдекларацию хештеглари остида челленж бошлади.
2025 йил апрель ойида Солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Мубин Мирзаев 2027 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистонда санъаткорлар учун даромадларни декларация қилиш ва солиққа тортиш тартиби кучайтирилишини маълум қилган эди. Унгача уларга декларацияни жарималарсиз тўғри топшириш имконияти берилади.
Қўмита бўлим бошлиғи Абдуқаҳҳор Маҳмудов маълумотга кўра, илгари санъаткорлар якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиш ёки даромад декларациясини топшириш имкониятига эга бўлишган — яъни улар иккита солиққа тортиш шаклидан бирини танлашлари мумкин эди. Бироқ, 2024 йил 1 январдан президент фармонига кўра, хонандалар декларация тизимига ўтказилди ва аниқ декларацияни топшириш орқали солиқ тўлашлари шарт. 2026 йил 1 январдан бошлаб бошқа ижрочилар ҳам ушбу тизимга ўтишлари керак бўлади.