
Ўзбекистон вазирлик ва идоралари қарор қабул қилишда кўпроқ мустақилликка эга бўлади. Бу Президент фармонида назарда тутилган, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадов.
Ҳужжат билан вазирлик ва идораларнинг ваколатлари кенгайтирилмоқда, бюрократик тартиб-қоидалар қисқартирилмоқда ва давлат органларининг проактивлиги оширилмоқда.
Идоралар ўз ваколатлари доирасида тегишли соҳаларни тартибга солиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни мустақил қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлади (ҳозир улар ҳужжат лойиҳаларини ишлаб чиқадилар ва уларни бошқа вазирлик ва идоралар, сўнгра Адлия вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ёки Президент Администрацияси билан келишадилар). Шу билан бирга, ҳукумат қарорлари, идоравий ҳужжатлар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари (ҳокимликлар) ҳужжатлари билан тартибга солиниши лозим бўлган масалалар рўйхати белгиланади.
Адлия вазирлигида идоравий ҳужжатларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби ҳам модернизация қилинади. Хусусан, ҳужжат лойиҳаларини такомиллаштириш ва таҳрир қилиш, шунингдек, халқаро стандартларга мувофиқлаштириш учун зарур бўлган ҳуқуқий нормаларни киритиш имконияти назарда тутилган.
Айнан шу фармонда барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва лойиҳалар Президент Администрацияси ҳузуридаги таҳлилий институтларнинг илмий тадқиқотлари асосида, олимлар, маҳаллий ва хорижий экспертларнинг тавсияларини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилиши назарда тутилган.