
Андижон давлат университетининг 13 нафар ходими бюджет маблағларини ўта йирик миқдорда талон-торож қилиш бўйича жиноят иши доирасида озодликдан маҳрум этилди.
Ҳукм 2025 йил 13 июнь куни Андижон вилояти Балиқчи тумани жиноят ишлари суди томонидан чиқарилган. Жараён У. Шералиев раислигида бўлиб ўтди.
Суд университетнинг 13 нафар собиқ мансабдор шахси жиноий фаолиятни биргаликда амалга ошириш учун уюшган гуруҳ тузиб, унда вазифаларни ўзаро тақсимлаб олганини аниқлади. Гуруҳга 1998 йилдан буён олийгоҳнинг бош бухгалтери лавозимида ишлаган Алимжон Маҳмудов раҳбарлик қилган. Гуруҳ таркибига 2015 йилдан 2023 йилгача ушбу лавозимда ишлаган собиқ ректор Акром Юлдашев (2023 йилда эҳтиёт чораси сифатида ҳибсга олинган), бухгалтерлар, бош аудитор, ўқитувчи ва бошқалар ҳам кирган.
Иш материалларига кўра, Алимжон Маҳмудов университетга ажратилган бюджет маблағларини талон-торож қилиш бўйича жиноий режа тузган. Университет ректорлари орқали у бухгалтер, ғазначи ва иқтисодчи лавозимларига унинг кўрсатмаларини сўзсиз бажаришга тайёр ва шахсий манфаат учун жиноят содир этишга мойил шахслар тайинланишига эришган.
Суд қарорида уюшган гуруҳ бюджет маблағларини қуйидагича ўзлаштиргани кўрсатилган:
- 2019-2023 йилларда 8 та ҳолатда 32,094 млрд сўм – стипендия олувчи талабалар сонини сунъий равишда ошириш ва нақд пул берилгани ҳақидаги ҳужжатларда имзоларни қалбакилаштириш йўли билан;
- 2021-2023 йилларда 2,697 млрд сўм – рағбатлантириладиган талабалар сонини сунъий равишда ошириш ва имзоларни қалбакилаштириш йўли билан сохта тўлов ҳужжатлари қайта расмийлаштирилиб, ажратилган пуллар контракт ҳисоб рақамига ўтказилган;
- 2019-2023 йилларда 14,408 млрд сўм – ушбу суммага нақд пул билан тўланган контрактлар ҳақидаги маълумотларни UzASBO тизимига (бюджет ташкилотларида бухгалтерия ҳисоби) киритиш йўли билан, пуллар эса ўзлаштирилган;
- айни шу йилларда 2,663 млрд сўм – талабалардан ётоқхона ижараси учун олинган пулларни яшириш йўли билан;
- 545 млн сўм – давлат харидлари билан боғлиқ маблағлар.
Алимжон Маҳмудов жиноий фаолиятдан олинган даромадларни яқин қариндошлари, жумладан, ўғиллари номига 7 та автомобиль (1 та BMW X7, 3 та Onix, 2 та Cobalt, 1 та Lacetti) расмийлаштириш орқали легаллаштирган. Улар орасида 2023 йилда ўғли номига расмийлаштирилган қиймати 2,064 млрд сўмлик BMW X7 ҳам бор. 2023 йил октябрь ойида у ўғлининг танишининг пластик картасига 6,621 млрд сўм ўтказиб берган, у эса бу суммага омонат очган.
Суд ҳужжатида бош бухгалтер ва ректор ҳужжатларни қалбакилаштириш орқали ходимларнинг устама ва мукофотларини ўзлаштирганликлари ҳам кўрсатилган.
Судда Алимжон Маҳмудов ўз айбига қисман иқрор бўлди.
Собиқ ректор Акром Юлдашев айбловларни тан олмади. У йўл қўйилган камчиликларда айбдорлигини тан олди, лекин уюшган гуруҳ тузиш ва ҳужжатларни қалбакилаштириш йўли билан бюджет сметаси қоидаларини бузиш айбловларига эътироз билдирди.
Унинг маълум қилишича, иқтисодчи эмас, балки биология ўқитувчиси бўлгани сабабли бухгалтерия ҳисобини тушунмаган ва шу сабабли университетнинг молиявий-иқтисодий йўналишини лозим даражада назорат қила олмаган. Унинг асосий вазифаси таълим йўналишини ривожлантириш, ёшлар билан ишлаш, маҳаллий ҳокимият органлари топшириқларини бажариш бўлгани учун бош бухгалтер Алимжон Маҳмудовга ишонган.
«Мен маблағларни ўзлаштириш ва исроф қилишда ҳеч қандай манфаатдор бўлмаганман. Университетда молиявий ишлар бўйича проректор, ички аудит, молиявий режалаштириш бўлимлари мавжуд. Мен уларнинг ишини ҳам назорат қила олмадим. Ўта йирик миқдордаги пул ўзлаштирилганида менинг хатойим ходимлар ишини назорат қила олмаслигимда, деб ҳисоблайман», — деди Юлдашев.
Унинг айтишича, тергов давомида имкониятларидан келиб чиқиб, 1 млрд сўмдан ортиқ зарарни қоплаган, ҳозирда эса зарарни қоплаш учун молиявий имконияти йўқ. Собиқ ректор шунингдек, 2019-2023 йиллар давомида UzASBO дастурига контракт тўловлари ҳақида ёлғон маълумот киритилиб, 14,408 млрд сўм ўзлаштирилганидан бехабар бўлганлигини айтди.
Қамоқ муддатлари
Бир нафардан ташқари барча судланувчилар озодликдан маҳрум этиш жазосини олди.
Алимжон Маҳмудов, собиқ бош бухгалтер, 6,5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиниб, 3 йил муддатга давлат органлари ва давлат улуши бўлган ташкилотларда моддий жавобгар лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилди, шунингдек, 310 базавий ҳисоблаш миқдорида жарима тўлашга ҳукм қилинди.
Акром Юлдашев, собиқ ректор, 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиниб, 3 йил муддатга давлат органлари ва ташкилотларида мансабдор ва моддий жавобгар лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилди, шунингдек, 310 БҲМ миқдорида жарима тўлашга ҳукм қилинди.
Ўқитувчи Аъзам Хамроқуловга 3 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланиб, иш ҳақининг 20% давлат даромадига ушлаб қолинади, шунингдек, 300 БҲМ миқдорида жарима белгиланди.
Искандар Исроилов, Исроил Меҳмонов ва Абдураҳим Ғанижонов (барчаси бухгалтерлар) 6,5 йилдан озодликдан маҳрум этилди, Дилшод Абдимуминов (бош аудитор), Лутфулло Солиев (молия-режалаштириш бўлими бошлиғи), Шуҳрат Мамажонов, Ҳамидулло Шарипов (ғазначилар), Ҳикматилло Каримов ва Убайдулло Мамиров (бухгалтерлар) — 6 йилу 2 ойга, Нодир Рўзибоев (олийгоҳ ишлар бошқармаси бошлиғи) — 5 йилу 2 ойга озодликдан маҳрум этилди. Улар шунингдек, 2 йил муддатга давлат органлари ва ташкилотларида мансабдор ва моддий жавобгар лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилди.
АндДУга етказилган 53,698 млрд сўм зарарни қоплаш учун Андижон вилояти Давлат хавфсизлик хизмати бошқармасининг депозит ҳисобига қуйидагилар ўтказилди:
- Алимжон Маҳмудов – 31,078 млрд сўм;
- Искандар Исроилов – 5,175 млрд сўм;
- Акром Юлдашев – 1,168 млрд сўм;
- Нодир Рўзибоев – 500 млн сўм;
- Дилшод Абдимуминов – 442 млн сўм;
- Лутфулло Солиев – 145 млн сўм;
- Шуҳрат Мамажонов – 120 млн сўм.
Бундан ташқари, суд ҳибсга олинган 7 та автомобиль, битта меҳмонхона объекти, 3 та уй ва тилла тақинчоқларни сотиб, тушган маблағларни зарарни қоплашга йўналтиришни белгилади.