Ўзбекистон давлат активларини бошқариш агентлиги Миллий банклараро процессинг маркази (Humo)ни хусусийлаштириш бўйича келишувга эришилганини эълон қилди.
Давлатнинг 100% улуши “музокараларга оммавий таклиф юбориш йўли” орқали уч босқичда сотилди.
Давактив маълумотларига кўра, мажбурий таклифларни юбориш босқичида 6 та даъвогар таклиф қилишга чақирилиб, улардан 3 таси таклиф киритган.
Савдоларда ғолиб сифатида 65 млн АҚШ доллари нарх таклиф қилган Paynet компанияси танланди.
“Харидорнинг таклифи маслаҳатчи томонидан ҳисобланган индикатив нархлар оралиғида жойлашган ҳамда халқаро мустақил баҳоловчи KPMG томонидан баҳоланган қийматдан юқори”, — дейилади хабарда.
Шунингдек, харидор Humo тўлов тизимининг барқарор ва узлуксиз ишлашини таъминлаш ҳамда тизим фойдаланувчиларининг махфий (шахсий ва банк) маълумотларини ҳимоя қилишга қаратилган қўшимча чора-тадбирларни амалга ошириш мажбуриятларини ҳам ўз зиммасига олган.
Хусусийлаштириш натижалари Давлат активларини хусусийлаштириш ва хусусийлаштириш жараёнларини мувофиқлаштириш бўйича давлат комиссияси томонидан маъқулланган.
Дастлаб, савдоларда Қозоғистоннинг Kaspi компанияси ҳам иштирок этиши кутилган эди, бироқ у Humo хусусийлаштириш жараёнида қатнашмасликка қарор қилди.
Ўтган йилнинг 9 ойи якунига кўра, Humo нинг соф фойдаси 119.3 миллиард сўмни (9.2 миллион доллар) ташкил этди. Фақат учинчи чоракда кўрсаткич 47.5 миллиард сўмга етган. 2024 йил учун соф фойда 13 миллион доллар атрофида бўлиши мумкин эди.
Харидор ҳақида
Paynet — Ўзбекистондаги йирик тўлов операторларидан бири бўлиб, молиявий технологиялар (финтех) соҳасида 18 йилдан бери фаолият юритади. Paynet хизмати 2005 йилда Ботир Арифжонов томонидан ташкил этилган. Кейинчалик тадбиркор компанияни давлатга, яъни Халқ банки тасарруфига сотиб, унинг раҳбарлигидан кетган. Тизим 1500 дан ортиқ товар ва хизмат етказиб берувчилар учун тўлов имкониятини таъминлайди, ҳар ойда фойдаланувчилар сони 20 миллиондан ошади.
2022 йил август ойида Давактив Uzpaynet’даги 100% улушни савдога қўйган эди. Кейинги ойда потенциал харидорлардан 7 та ариза келиб тушди, аммо “қўшимча аниқлик киритиш” важида таклифларни қабул қилишни кечиктиришди.
Апрель ойида Uzpaynet, яъни Paynet тўлов хизматини бошқарувчи компания асосчисининг ўзгаргани маълум бўлди. Давактив балансидаги 100% давлат улуши New Industrial Technologies компаниясига ўтди. Ўша пайтда Давактив хусусийлаштириш ҳақида очиқ маълумот бермаган эди.
New Industrial Technologies МЧЖ 2019 йилнинг апрель ойида рўйхатдан ўтган бўлиб, устав капитали 273.56 миллиард сўмни ташкил қилади. Ҳозирда компаниянинг ягона эгаси сифатида Мустафо Абдураҳмонов кўрсатилган. У Asia Alliance Bankнинг асосий акциядори бўлган Asia Alliance Group компаниясининг 77,6% улушига ҳам эгалик қилади.
Humo ҳақида
Миллий тўлов тизими Humo 2018 йилнинг сентябрь ойида ташкил этилган. Ўша пайтда чакана тўловларни қайта ишлаш бўйича давлат процессинг марказининг йўқлиги миллий тўлов тизими хавфсизлиги даражасини пасайтиради, тўлов инфратузилмасининг ягона интеграциясини таъминлаш имкониятини бермайди ва бир монопол тизимнинг ҳукмронлигига олиб келиши таъкидланган эди.
Humo тизими ўша пайтда ягона бўлган Uzcard процессинг марказида содир бўлган йирик дастурий носозликдан кейин ташкил этилган. Uzcard эса хусусий тузилма ҳисобланади.
Humo раҳбари Шуҳрат Қурбонов тўлов тизимини марказсизлаштириш мақсади — бозорда монополияга йўл қўймаслик ва аксинча, банкларнинг мустақил бўлишига имконият яратиш эканини тушунтирган эди.
Компаниянинг устав капитали 155.4 миллиард сўмни ташкил этади. Бугунги кунда 27 миллиондан ортиқ Humo картаси чиқарилган, 210 мингдан ортиқ терминаллар ва 6400 дан зиёд банкоматлар ўрнатилган.
2024 йил 19 апрелдаги президентнинг қарори билан тўлов тизими давлат улушлари ёки акциялари оммавий савдоларга чиқарилиши лозим бўлган 247 компания рўйхатига киритилган.