
2026 йил 9 апрель куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳузурида бўлиб ўтган тақдимотда электрон тижоратни ривожлантириш ва бонд омборхоналари фаолиятини йўлга қўйиш бўйича таклифлар муҳокама қилинди.
Давлат раҳбари электрон тижоратни иқтисодиётнинг драйверларидан бирига айлантириш, ушбу соҳада замонавий инфратузилмани яратиш, шунингдек, рақамли платформалар фаолияти учун қулай ва шаффоф муҳит шакллантириш бўйича топшириқ берди.
Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистонда чакана савдода электрон тижоратнинг улуши 4−4,6 фоизни ташкил этади, бу жаҳондаги ўртача кўрсаткичдан (22%) 5 баравар камдир. Тақдимотда мамлакатда ушбу улушни 9−11 фоизгача ошириш салоҳияти мавжудлиги таъкидланди.
Сўнгги 8 йил ичида мамлакатда электрон тижорат ҳажми 20 бараварга ўсиб, 1,3 млрд долларга етди. Рақамли платформалар сони 120 тадан ошади. Соҳада 750 минг киши банд бўлиб, бюджетга ҳар йили 200 млрд сўм миқдорида солиқ тушумлари тушмоқда.
Бонд омборхоналари — бу импорт қилинадиган товарларни божхона божлари ва солиқларни тўлашни кечиктириш шарти билан божхона назорати остида сақлаш учун мўлжалланган махсус омборлар.
Божхона божларини сотиш вақтида тўлаш тизимининг жорий этилиши камида 500 млн доллар инвестиция жалб қилиш учун шароит яратиши кутилмоқда.
Бугунги кунда Ўзбекистонда омборхона майдонларининг умумий ҳажми 634 минг квадрат метрни ташкил этади, шундан 72 фоизи пойтахт ва Тошкент вилояти ҳиссасига тўғри келади. Мавжуд омборларнинг фақатгина 34 фоизи замонавий «А» класси тоифасига киради. Ҳисоб-китобларга кўра, яқин 5 йил ичида мамлакатнинг барқарор иқтисодий ўсиши учун 2,5 миллион квадрат метр замонавий омборхона майдонлари талаб этилади.
Йирик халқаро маркетплейсларнинг замонавий омборлар тармоғини кенгайтириш таклиф этилмоқда. Бунда рақамли платформалар ва бонд омборхоналари солиқ ҳамда божхона тизимлари билан чуқур интеграция қилиниши лозим.
Эксперимент тариқасида 2026—2028 йилларда «импорт — бонд омбори — махсус электрон савдо платформаси — истеъмолчи» циклига асосланган янги механизмни жорий этиш кўзда тутилган. Ушбу тартибга мувофиқ, товарлар бонд омборига жойлаштирилади, махсус электрон савдо платформаси орқали сотилади, божхона декларациясини расмийлаштириш ва божларни тўлаш эса бевосита сотув босқичида амалга оширилади.
Бонд омборхоналари маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг ташқи бозорларга чиқишини осонлаштириши, айланма маблағларга тушадиган юкламани камайтириши, логистика харажатларини қисқартириши ва экспортнинг рақобатбардошлигини ошириши керак.