
Зиплайн ва арқонли парклар (тайпарклар) қуришда тадбиркорлар харажатларни қоплаш учун субсидия олишлари мумкин. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 19 июндаги қарорида айтилган.
Вақтинчалик низомга кўра, тоғли ва чўл ҳудудларида жойлашган 38 та туман ва шаҳарда тадбиркорлар экстремал туризм мажмуалари ва пўлат арқонда тез тушиш аттракционлари қурилиши учун субсидия олишлари мумкин:
- узунлиги камида 200 метр бўлган зиплайн учун — 100 млн сўмгача;
- майдони 150 кв.м.дан кам бўлмаган тайпарк учун — 80 млн сўмгача.

Низом 2025 йил 1 июлдан 2027 йил 1 январгача амал қилади.
Субсидиялар объектлар фойдаланишга топширилгандан сўнг Туризм қўмитаси ҳузуридаги Туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан ажратилади.
Қўллаб-қувватлаш олис ҳудудларда туризмни ривожлантириш, инвестицияларни жалб қилиш, фаол дам олиш турларини кенгайтириш ва янги иш ўринлари яратишга қаратилган.
Мажмуаларни ташкил этиш харажатларининг бир қисмини қоплаш бўйича аризалар Туризм қўмитаси томонидан кўриб чиқилади.
Тадбиркор субсидия олиш учун ариза топшириш вақтида қуйидаги ҳолатларда бўлмаслиги керак:
- қайта ташкил этиш ёки тугатиш жараёнида;
- суд қарорига кўра тўловга қобилиятсиз;
- шунингдек, унинг фаолияти вақтинча тўхтатилмаган бўлиши керак.
Аризага бир қатор ҳужжатлар илова қилиниши керак:
- экстремал туризм мажмуалари ташкил этилган ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжат нусхаси;
- хизматларнинг лойиҳа-смета ҳужжатлари нусхаси;
- зиплайн ва тайпарк қурилиши тугалланганини фойдаланишга қабул қилиш бўйича белгиланган тартибда тасдиқланган қабул комиссияси акти нусхаси;
- Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитасининг объектларни фойдаланишга қабул қилиш ва хизматлардан фойдаланишга рухсати.
Аризаларни кўриб чиқиш муддати — 10 иш куни. Қўшимча ўрганиш зарурати туғилганда муддат яна 10 кунга узайтирилади. Маъқулланган тақдирда, маблағлар 10 кун ичида тадбиркорнинг ҳисоб рақамига ўтказилади.
Агар ариза рад этилса, тадбиркор камчиликларни бартараф этиб, 14 иш куни ичида такроран ариза топшириши мумкин. Такрорий кўриб чиқиш 7 кунгача давом этади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда Туркиянинг Каппадокиясига ўхшаш ҳаво шарларида учиш зонаси ташкил этиш режалаштирилган. Президент 2024 йил июнь ойида Мўйноқ аэропортида парашютдан сакрашларни ташкил этиш имкониятини қайд этган эди. Экология вазирлиги, Транспорт вазирлиги ва Мудофаа вазирлиги раҳбарларига экстремал туризмни ривожлантириш бўйича дастур қабул қилиш топширилган.