
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2025 йил 20 октябрь куни сейсмик хавфсизликни таъминлаш ва сейсмология соҳасидаги ишлар самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги фармонни имзолади.
Фармонда маданий мерос объектлари ва транспорт иншоотларининг сейсмик барқарорлигини мониторинг қилиш тизимини яратиш устувор йўналишлардан бири сифатида белгиланди.
Ҳужжатда, шунингдек, сейсмик хавфсизликни таъминлаш соҳасини рақамлаштириш, сунъий интеллект технологияларини жорий этиш, шунингдек, қурилиш майдончаларида тупроқ грунтларининг барқарорлигини ўрганиш ва ошириш назарда тутилган.
Зилзилаларни башорат қилиш
Фармонга кўра, 2026 йил 1 январдан бошлаб А-373 ва М-39 автомобиль йўлларида, шунингдек, тоғли ҳудудлардан ўтувчи темир йўл линияларида кўчки хавфи юқори бўлган участкаларда доимий радиолокацион космик мониторинг ташкил этилади.
Шу санадан бошлаб сунъий интеллектдан фойдаланган ҳолда кучли зилзилаларни ўрта ва узоқ муддатли башорат қилиш амалиёти жорий этилади. Биринчи босқичда бу ишлар Тошкент мисолида ташкил қилинади.
Объектлар ва иншоотларни мониторинг қилиш
2026 йил 1 январдан бошлаб тарихий ва маданий мерос объектларининг сейсмик барқарорлиги мониторинги босқичма-босқич жорий этилади. Биринчи босқичда у Самарқанддаги Регистон мажмуаси, Бухородаги Дарвозахона (Арк мажмуаси) ва Хивадаги Ичан-қалъа мажмуасини қамраб олади.
2026 йил 1 мартдан бошлаб автомобиль ва темир йўл кўприклари, шунингдек, ер ости ва ер усти туннелларининг сейсмик барқарорлигини онлайн мониторинг қилиш амалиёти босқичма-босқич жорий этилади. Мониторинг ФВВнинг Республика сейсмопрогностик мониторинг маркази томонидан Transproteuztia платформаси орқали амалга оширилади.
Мониторинг натижасида олинган маълумотлар транспорт иншоотларининг аниқланган заиф участкаларида асбобий-техник текширув ўтказиш учун асос бўлиб хизмат қилади.
Сейсмологик онлайн платформа
Фармонга кўра, 2025 йил 1 декабрдан бошлаб рақамлаштириш ўтказилган ҳолда сейсмологик онлайн платформа ишга туширилади. У қуйидагиларни ўз ичига олади:
- Илмий таҳлил асосида Республика ҳудудларини сейсмик хавф даражаси бўйича таснифлашни назарда тутувчи умумий сейсмик ва батафсил районлаштириш хариталари;
- Туман ва шаҳар марказларининг макросейсмик балл ва чўққи тезланишлардаги микрорайонлаштириш хариталари;
- Мамлакат ҳудудида мавжуд бўлган фаол тектоник ёриқлар хариталари.
Бундан ташқари, сейсмологик онлайн платформа «Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизими билан интеграция қилинади. Сейсмик фаол ҳудудларда янги қурилиши режалаштирилган бино ва иншоотлар ушбу платформадаги кўрсаткичларни ҳисобга олган ҳолда лойиҳалаштирилади. Бу кўрсаткичлар шаҳарсозлик экспертизасидан ўтказиш учун ҳам асос бўлади.
Ер ости объектларининг сейсмик барқарорлиги
2025 йил 1 декабрдан бошлаб ер ости қурилиш объектлари учун 10, 20 ва 30 метр чуқурликдаги муҳандислик-геологик ва сейсмологик кўрсаткичларни ишлаб чиқиш бошланади. Дастлаб бу ишлар Тошкент шаҳрида, кейинчалик вилоят марказларида ўтказилади. Тадқиқотлар якуни бўйича сейсмик интенсивлигининг рақамлаштирилган хариталари шакллантирилади.
Ер ости объектларини лойиҳалаштириш ва қуриш чуқурлик бўйича грунтнинг сейсмик фаоллик даражасига мувофиқ, муҳандислик-геологик ва сейсмологик кўрсаткичлар, шунингдек, сейсмик интенсивлиги хариталари асосида амалга оширилади.
Бундан ташқари, 2025 йил 1 декабрдан бошлаб икки йил давомида мамлакат туман ва шаҳар марказларида, айниқса, зилзила таъсирига чидамсиз бўлган грунтларни сейсмик хусусиятлари бўйича таснифлаш ва категориялаш ишлари ташкил этилади.
Ушбу ишлар доирасида сейсмик барқарорликни оширишга қаратилган сейсмологик тадқиқотлар, жумладан, грунтларнинг сейсмик изоляциясининг гибрид усулларини қўллаш, шунингдек, грунтларни тайёрлаш ва уларнинг сейсмик интенсивлигини пасайтириш бўйича муҳандислик технологияларини қўллаш амалга оширилади.
Олинган натижалар асосида норматив-техник ҳужжат ишлаб чиқилади ва тасдиқлангандан сўнг лойиҳалаш ва қурилишда фойдаланилади.

