Ўзбекистон Афғонистоннинг зилзиладан жабр кўрган аҳолисига ёрдам юборди

Ўзбекистон ҳукумати Афғонистондаги вайронкор зилзила муносабати билан бу мамлакат халқига умумий оғирлиги 265 тоннага яқин бўлган инсонпарварлик ёрдамини етказди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабар берди.

Юкни топшириш маросими 2025 йил 6 сентябрь куни Балх вилоятининг Ҳайратон шаҳрида бўлиб ўтди. Дори-дармон ва озиқ-овқат маҳсулотларидан иборат юк Termez Cargo Centre майдонида шакллантирилиб, Ҳайратонга 14 та юк машинасида етказилди.

Маросим Қуръон оятларини тиловат қилиш билан бошланди. Балх вилояти раҳбарияти номидан котибият раҳбари Ф. Раби сўзга чиқди. У президент Шавкат Мирзиёевга миннатдорлик билдириб, Ўзбекистон етакчиси ва мамлакат халқи ҳар қандай оғир даврда ҳам Афғонистон халқи билан доим елкама-елка турганини таъкидлади. Ф. Раби бу қўллаб-қувватлаш афғон халқи ва унинг раҳбарияти ҳеч қачон унутмайдиган ҳақиқий биродарлик намунаси эканини қайд этди, дейилади хабарда.

Губернатор ўринбосари М. Идриснинг айтишича, инсонпарварлик ёрдами энг кўп талаб этиладиган вилоятларга етказилиб, муҳтож оилаларга тарқатилади. Зилзила энг кўп шарқий вилоятларга — биринчи навбатда Кунар ва Нангарҳар, шунингдек, Лағмон, Нуристон ва Панжшернинг айрим туманларига зарар етказган.

«Афғонистон вакиллари Ўзбекистондан келган ёрдам нафақат дори-дармон ва озиқ-овқат эканлигини таъкидлади. Бу бирдамлик ва инсонийлик намунаси, энг оғир кунларда ҳам ёнида кўмак беришга тайёр дўст ва қўшни борлиги ҳақидаги сигналдир. Ўзбек халқининг шафқат ва бағрикенглик кўрсатгани, бу афғонлар хотирасида абадий қолиши ҳақида сўзлар янгради», — дея қайд этди Ўзбекистон ТИВ.

Ўзбекистон томонидан тадбирда президентнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев ва Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов иштирок этди.

Улар қўшни мамлакатга кўрсатилган ёрдам президентнинг яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш, бирдамлик руҳини ривожлантириш ва Афғонистон халқини қўллаб-қувватлашга қаратилган сиёсатини акс эттиришини таъкидлади.