
2025 йил 1 сентябрга ўтар кечаси Афғонистонда содир бўлган энг вайронкор зилзилалардан бири оқибатида камида 812 киши ҳалок бўлди, 2800 нафардан ортиқ киши жабрланди. Бу ҳақда мамлакат расмийларига таяниб, Reuters хабар берди. DW эса Афғонистон ИИВга таяниб, 3000 дан ортиқ киши жароҳатланганини маълум қилди.
Зилзила маҳаллий вақт билан соат 00:17 да содир бўлган. Магнитудаси 6 баллни, эпицентри 10 км чуқурликда бўлган. Асосий вайронагарчиликлар Покистон билан чегарадош бўлган шарқий Қунар ва Нангарҳар вилоятларига тўғри келди.
«Толибон» маъмурияти расмий вакили Забиҳулла Мужоҳиднинг сўзларига кўра, ҳалок бўлганлар асосан ушбу икки вилоятда истиқомат қилган. «Бу ерда кўп одамлар ҳаётлари ва уйларини йўқотди. Бизга халқаро ёрдам керак», — деди Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакили Шарафат Замон Reuters’га.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев кўплаб қурбонлар ва жабрланганлар муносабати билан Афғонистон раҳбариятига ҳамдардлик билдирди.
Қутқарув ишлари мураккаблашди
Қутқарувчилар лойдан қурилган уйлар қулаган ва мобил алоқа мавжуд бўлмаган чекка тоғли ҳудудларга етиб боришда қийналмоқда. Сўнгги бир суткада ёққан ёғингарчилик қўшимча хавф туғдирмоқда.
«Зилзила ҳудудига сўнгги 24−48 соат ичида кучли ёмғир ёғди. Кўчки ва тош кўчиши хавфининг юқорилиги кўплаб йўлларни ёпиб қўйди», — деди Reuters’га БМТ Инсонпарварлик ишларини мувофиқлаштириш бошқармаси (UNOCHA) вакили Кейт Кэри.
Ҳудудда ҳарбий қутқарув гуруҳлари фаолият юритмоқда. Афғонистон Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, 40 та вертолёт рейси билан 420 нафар жабрланган ва ҳалок бўлган киши эвакуация қилинган. Reuters кадрларида маҳаллий аҳолининг тиббиёт ходимлари ва ҳарбийларга жабрланганларни тез ёрдам машиналарига олиб боришга ёрдам бераётгани акс этган.
Расмийларнинг сўзларига кўра, сув манбаларининг ифлосланишининг олдини олиш мақсадида вайроналарни тозалаш ва ҳайвонларнинг қолдиқларини олиб ташлаш ишлари давом этмоқда.
БМТ бош котиби Антониу Гутерриш ҳамдардлик билдирди. «Вайронкор зилзиладан сўнг Афғонистон халқи билан тўлиқ бирдамман», — дея ёзди у X ижтимоий тармоғида ва ташкилотнинг ушбу мамлакатдаги жамоаси сафарбар этилганини қўшимча қилди.
Қутқарувчиларнинг огоҳлантиришича, қурбонлар сони яна ошиши мумкин: кўплаб ҳудудлар ҳали ҳам алоқадан узилган.
«Барча жамоаларимиз хавфсизликдан тортиб, озиқ-овқат ва тиббий ёрдамгача бўлган ёрдамни тезлаштириш учун сафарбар этилган», — деди Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакили Абдул Матен Қани.
Афғонистон офат оқибатларини бартараф этишда қийинчиликларга дуч келмоқда. Reuters’нинг таъкидлашича, «Толибон» ресурслар етишмаслиги, халқаро ёрдамнинг камайиши ва қўшни давлатлардан афғонларнинг оммавий депортацияси билан юзма-юз келмоқда. Зилзила мамлакатдаги гуманитар вазиятни янада кескинлаштириши мумкин.
Эрон Кобулга ўз ёрдамини таклиф қилди. Эрон ТИВ вакили Исмоил Бағоийнинг айтишича, Теҳрон жабрланган ҳудудларда қутқарув ишларига қўшилишга тайёр.
2023 йил октябрь ойида Афғонистонда содир бўлган 6,3 магнитудали зилзила оқибатида камида 4000 киши ҳалок бўлган эди.