Тошкент вилоятида ер силкиниши кузатилди: зилзила маркази Паркент тумани

Бугун, 2025 йил 18 август куни Тошкент вақти билан соат 04:00 да Ўзбекистон ҳудудида, хусусан, Тошкент вилоятида зилзила содир бўлди. Зилзиланинг кучи ва эпицентр ҳақидаги маълумотлар Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Сейсмопрогностик мониторинг Республика маркази томонидан тасдиқланди.

Зилзиланинг магнитудаси 2,9 ни ташкил этиб, унинг чуқурлиги 10 км экани қайд этилди. Зилзиланинг эпицентри Тошкент шаҳридан 25 км жанубий-шарқда, Тошкент вилоятининг Паркент туманида жойлашган.

Ер силкинишининг сезилиш кучи эпицентрда 3 баллни ташкил этган. Зилзиланинг таъсири Тошкент вилоятининг баъзи туманлари ва Тошкент шаҳрининг айрим ҳудудларида ҳам сезилди:

  • Юқори Чирчиқ туманида – 2-3 балл, эпицентрдан 7 км узоқликда;
  • Ўрта Чирчиқ туманида – 2 балл, 11 км узоқликда;
  • Нурафшон шаҳрида – 2 балл, 12 км узоқликда;
  • Бектемир туманида – 2 балл, 16 км узоқликда;
  • Янги Ҳаёт туманида – 2 балл, 20 км узоқликда;
  • Яшнобод туманида – 2 балл, 20 км узоқликда.

Ушбу маълумотларга кўра, зилзиланинг кучи аҳоли учун жиддий хавф туғдирмаган. Ўзбекистоннинг сейсмик хавфли ҳудудда жойлашганини инобатга олган ҳолда, мутахассислар доимо огоҳ бўлишга ва хавфсизлик қоидаларига риоя қилишга чақирадилар.