
2026 йил 17 январь куни кечки соат 18:11 да Қирғизистон Республикасининг Боткен вилояти ҳудудида навбатдаги ер силкиниши қайд этилди. Мазкур табиий ҳодиса Ўзбекистоннинг Фарғона водийсига яқин бўлган чегара олди туманларида ҳам сезилган.
ФВВ Сейсмопрогностик мониторинг Республика маркази маълумотларига кўра, зилзила эпицентри Тошкент шаҳридан 215 км жанубий-шарқий йўналишда жойлашган. Ер силкинишининг магнитудаси 3,3 ни, чуқурлиги эса 7 км ни ташкил этди. Зилзила марказининг координаталари: 40,13 даража шимолий кенглик ва 71,28 даража шарқий узунлик.
Ўзбекистон ҳудудида зилзиланинг сезилиш кучи қуйидагича бўлди:
- Фарғона вилояти Сўх туманида: 2 балл (эпицентрдан масофа 22 км);
- Риштон туманида: 2 балл (эпицентрдан масофа 28 км).
Ҳодиса оқибатида талафотлар ва вайронагарчиликлар ҳақида маълумот келиб тушмаган. Мутахассисларнинг таъкидлашича, 2 баллик тебранишлар одатда биноларнинг юқори қаватларида ҳамда тинч ҳолатдаги инсонлар томонидан сезилиши мумкин.