Юридик шахслар ЯИДХП орқали одамлар гавжум жойларда жамоат тартибини сақлаш бўйича ППХ хизматларига сўров юбориши мумкин

Патруль-пост хизмати (ППХ) бўлинмалари юридик шахсларнинг онлайн-сўрови бўйича одамлар гавжум жойларда тартиб ва хавфсизликни таъминлаш бўйича пуллик хизматлар кўрсатиши мумкин. 2025 йил 30 июль куни Вазирлар Маҳкамаси тегишли қарорни тасдиқлади.

2025 йил 1 сентябрдан бошлаб юридик шахслар шартнома-ҳуқуқий асосда пуллик хизматлар олиш учун ЯИДХП (Ягона интерактив давлат хизматлари портали) ва давлат хизматлари марказлари орқали ППХ бўлинмаларига мурожаат қилишлари мумкин. Юридик шахслар, шунингдек, ППХ бўлинмаларига анъанавий усулда — оғзаки ёки ёзма равишда мурожаат қилиш имкониятини сақлаб қолади.

Тасдиқланган низом жамоат тартибини сақлаш бўйича ишларни ташкил этиш тартибини тартибга солади.

Бунда низом оммавий тадбирлар, йиғилишлар, митинглар ва кўча намойишларини ташкил этиш ва ўтказишга татбиқ этилмайди.

Юридик шахсларнинг аризаси ваколатли орган томонидан қабул қилинган кундан бошлаб 10 иш куни ичида кўриб чиқилади. Бу даврда ваколатли орган ходими аризачи билан биргаликда одамлар гавжум бўлган жойни кўздан кечиради.

Кўрик якунлари бўйича объект ҳудудининг чегаралари, зарур ходимлар сони, хизмат хоналари ва постлар жойлашуви, ҳаракатланиш йўналишлари, масъулият ҳудуди, иш тартиби ва ходимлар фаолияти тартиби кўрсатилган далолатнома тузилади. Шундан сўнг шартнома лойиҳаси ишлаб чиқилади.

ППХ хизматлари учун тарифлар Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишилган тартибда белгиланади.