
Аброрхўжа Рустамхўжа ўғли Саидалиев Тошкент шаҳри Юнусобод тумани ҳокими лавозимига тасдиқланди. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Саидалиев 1994 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. 2017 йилда Ўзбекистон Миллий университетини, 2021 йилда эса Тошкент давлат иқтисодиёт университетини тамомлаган.
Меҳнат фаолиятини 2018 йилда Мирзо Улуғбек тумани ҳокимлигида бошлаган. 2022 йил июнь ойидан буён туман ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган эди, шунингдек, туман иқтисодиёт ва молия бўлимига раҳбарлик қилган.
Бунга қадар Юнусобод тумани ҳокими лавозимида ишлаб келган Баҳодир Абдувалиев вазифасидан озод этилди. У ушбу лавозимда 2022 йилнинг январидан буён фаолият юритиб келаётган эди. Унинг истеъфоси президент Шавкат Мирзиёевнинг Юнусобод туманига ташрифидан бир кун ўтиб юз берди. Президент ташриф давомида когенерация станцияси фаолияти билан танишган, Yunusabad Gallery савдо ва бизнес марказига ташриф буюрган, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясининг янги биноси ва ўқув-илмий фаолиятини кўздан кечирган, сўнгра йиғилиш ўтказган эди.