Рулда ухлаб қолган юк машинаси ҳайдовчиси Тошкентда 9 та автомобилни уриб юборди

Тошкент шаҳри Янгиҳаёт тумани Чўштепа кўчасида 2025 йил 1 август куни кундузи 10 та транспорт воситаси иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди, дея хабар берди пойтахт ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси.

Йўл-патруль хизмати бригадаси командири, майор Раҳматжон Бахтиёровнинг маълумотига кўра, эрта тонгда соат 3:00 да Қўқондан йўлга чиқиб, «Жомий» бозорида юкни туширгандан сўнг дам олмасдан, Тошкент вилояти томон ҳаракатланаётган Iveco юк автомобили ҳайдовчиси чарчоқ туфайли рулда ухлаб қолган ва бошқарувни йўқотиб, светофорнинг тақиқловчи чироғига тўхтаб турган автомобилларни уриб юборган.

Тўқнашув натижасида 9 та енгил автомобиль — Captiva, иккита Lacetti, Spark, Onix, Malibu, Cobalt, Hyundai (модели кўрсатилмаган) ва Tracker, шунингдек, юк машинасининг ўзи ҳам шикастланган.

Ҳодиса оқибатида жабрланганлар йўқ. Тошкент ИИББ томонидан тергов олиб борилмоқда.