
Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон туманида иккита автомобиль тўқнашуви натижасида бир киши ҳалок бўлди, дея вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.
Идора маълумотларига кўра, 2025 йил 19 октябрь куни соат 9:40 ларда «Азларсой» маҳалласи ҳудудидан ўтувчи D-162 автомобиль йўлининг 7-километрида 28 ёшли Cobalt автомобили ҳайдовчиси қарши йўналишга чиқиб, 39 ёшли ҳайдовчи бошқарувидаги Nexia 2 автомобили билан тўқнашган.
ЙТҲ натижасида Nexia 2 автомобилининг 62 ёшли йўловчиси воқеа жойида вафот этган. Бошқа бир йўловчи, 66 ёшли аёл, туман тез тиббий ёрдам бўлимига олиб борилган.
Қумқўрғон туман Ички ишлар бўлими тергов гуруҳи томонидан жиноят иши қўзғатилган, тергов олиб борилмоқда.