
Тошкент марказида BMW M4 автомобилида ЙПХ инспекторини уриб юборган 16 ёшли ўсмирнинг ҳаракатларида автомобилни олиб қочиш ва ўлимга сабаб бўлган қасддан баданга оғир шикаст етказиш белгилари аниқланди. Бу терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида тўпланган маълумотлардан келиб чиқади, деб хабар берди Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов.
Шу муносабат билан ёш йигит Жиноят кодексининг 267-моддаси (транспорт воситасини олиб қочиш, 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади) ва 104-моддаси 3-қисми «д» банди (жабрланувчининг ўлимига сабаб бўлган қасддан баданга оғир шикаст етказиш, 8 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади) билан кўзда тутилган жиноятларни содир этишда гумонланувчи сифатида жиноят ишига жалб қилинди.
Мактабнинг 10-синф ўқувчиси бўлган ўсмир Жиноят-процессуал кодексининг 221-моддаси (жиноят содир этишда гумон қилинувчи шахсни ушлаб туриш асослари) тартибида қўлга олинган.
Тергов ҳаракатлари Бош прокуратура томонидан алоҳида назоратга олинди. Маҳкама тергов ҳаракатларини «ҳар томонлама, тўлиқ ва холис ўтказиш» ҳамда «айбдорга нисбатан жазонинг муқаррарлигини» таъминлашга ваъда берди.
Йўл ҳаракати қоидаларини мунтазам бузиш ва видеоларни интернетда эълон қилиш
Бош прокуратуранинг қайд этишича, гумонланувчи муқаддам «жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи» йўл ҳаракати қоидаларини бир неча бор бузиб келган. Ноқонуний равишда овоз кучайтиргич, махсус сигналлар ва сирена билан жиҳозланган автомобилларда ҳаракатланиб, қоидабузарликлар акс этган видеоларни Instagram ва бошқа ижтимоий тармоқларга жойлаштирган, дейилади хабарда.
2026 йил 9 январь куни мактаб ўқувчиси бошқа бир автомобилда — рақамсиз BMW X5’да ЙПХ ходимларининг тўхташ ҳақидаги талабига бўйсунмаган (ушбу видео ҳам жамиятда резонанс келтириб чиқарган эди). Ушбу ҳолатдан сўнг суд қарори билан унинг отаси Зафаржон Кучкунов Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддаси (болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик) бўйича жаримага тортилган.
2026 йил 25 февраль куни соат тахминан 21:30 да ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмаган ўсмир танишининг синглисига тегишли машина автоювиш шохобчасида турганидан хабар топиб, уни олиб қочган ва ЙТҲ содир этган, деб таъкидлади Бош прокуратура.
«Газета» ёзганидек, соат тахминан 21:45 да ЙПХ инспектори — кичик сержант Ҳосилбек Эшназаров Нукус кўчаси бўйлаб йўл ҳаракати қоидаларини қўпол равишда бузиб ҳаракатланаётган автомобиль ҳақида рация орқали хабар олган.
Бош прокуратура хабарида айтилишича, инспектор пиёдалар ва бошқа ҳаракат иштирокчилари хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ўзининг жезли билан транспорт оқимини тўхтатиш ишорасини берган. Бошқа автомобиллар тўхташни бошлаган, бироқ ўсмир бир бўлакдан иккинчисига ўтиш маневрларини амалга ошириб, ЙПХ ходимини уриб юборган.
Инспектор ҳаёт учун хавфли бўлган оғир жароҳатлар олган. У 27 февраль куни ҳушига келмай вафот этди.