Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 26/02/2026

Ўзбекистонда ёш оилаларга ипотека ставкасининг 14 фоиздан юқори қисми қоплаб берилади

Ёш оилалар учун уй-жой ипотекаси бўйича кредит ставкасининг 14 фоиздан ошадиган қисми бюджетдан қоплаб берилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2026 йил 24 февраль куни ёшлар билан ўтказилган мулоқот чоғида маълум қилди.

Мамлакатда ҳар йили қарийб 270 мингта янги оила қурилаётганини таъкидлаган давлат раҳбари, ёш оилалар учун биринчи навбатда «қулай ва шинам уй-жой» зарурлигини қўшимча қилди.

Мулоқот давомида давлат раҳбари ёшлар учун кредитлар бўйича яна бир қатор имтиёзларни эълон қилди.

2026 йилдан бошлаб Ўзбекистонда 15 фоиз ставка билан 7 йилгача муддатга кредитлар бериладиган «Келажак тадбиркори» дастури ишга туширилади.

Ўзини ўзи банд қилган ёшларга гаровсиз 20 млн сўмгача; тадбиркорлик кўникмаларига эга бўлган ва ўз бизнесини бошлаётганларга — 300 млн сўмгача; фаолиятини кенгайтираётган ёш тадбиркорларга — 2 млрд сўмгача; камида 5 нафар битирувчини ишга қабул қилган тадбиркорларга эса 10 млрд сўмгача кредитлар ажратилади.

2026 йилдан бошлаб яхши натижа кўрсатган ёш тадбиркорлар учун «Кўмак» лойиҳаси доирасида 300 млн сўмгача фоизсиз қарзлар бериш ҳам бошланади.

Президент Гарвард, Стэнфорд ва Лондон иқтисодиёт мактаби каби нуфузли хорижий университетлар Ўзбекистон ёшларига тадбиркорликни ўргатишда ҳамкорлик қилишга тайёрлигини қайд этди.

Ёшлар ишлари агентлигига ушбу хорижий олийгоҳлар билан биргаликда камида 40 минг ёшни бизнес юритишга ўқитишни назарда тутувчи «Янги авлод тадбиркорлари» дастурини ишга тушириш топширилди. Дастурни муваффақиятли якунлаган энг яхши 1000 нафар иштирокчига лойиҳаларини амалга ошириш учун 7 фоиз ставкада уч йил муддатга 200 млн сўмгача қарз берилади.

2026 йил 1 мартдан бошлаб ёш тадбиркорларнинг инфратузилмага уланиш харажатлари Ёшлар тадбиркорлиги жамғармасидан қопланади, деб айтди президент.

Бундан ташқари, 40 та энг яхши стартап 2 млрд сўм миқдорида молиялаштирилади. Банклар консалтинг компанияларини ташкил этиб, йил давомида 50 минг нафар ёш тадбиркорга бизнес-режалар тайёрлашда кўмаклашади.