
Ўзбекистонда жазо муддатини ўтаётган 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшларни замонавий касбларга ўқитиш бўйича «Иккинчи имкон» миллий ижтимоий реабилитация лойиҳаси ишга туширилмоқда. Бу Ўзбекистон президентининг 2026 йил 27 мартдаги қарорида кўзда тутилган.
Лойиҳа ёшларни ўз дунёқарашига эга, мустақил фикрлайдиган шахс сифатида тарбиялаш, уларда жамоада ишлаш ва мулоқот маданиятини шакллантириш, сифатли билим ва замонавий касбларни эгаллашига кўмаклашиш, хорижий тилларни зарур даражада ўргатиш ҳамда озодликка чиққанидан кейин жамиятга интеграция қилишга қаратилган, дейилади ҳужжатда.
Ўқув курслари 2026 йил 1 июндан Тошкент, Навоий ва Қашқадарё вилоятларидаги жазони ижро этиш муассасаларида, 2027 йил 1 мартдан эса Республиканинг қолган ҳудудларида ташкил этилади.
Лойиҳа доирасида жалб этиладиган мутахассис ва педагоглар меҳнатига ҳақ тўлаш, ўқув хоналарини компьютерлар, электрон доскалар, мебел ва жиҳозлар билан таъминлаш, ўқув-услубий адабиётлар сотиб олиш харажатларини Unicon-Soft компанияси ўз зиммасига олади.
8—12 ойлик интенсив ўқув дастурларига ижтимоий хавфи катта бўлмаган, унча оғир бўлмаган ва оғир жиноятларни содир этган маҳкумлар жалб этилади. Ахборот технологиялари ёрдамида жиноят содир этган шахслар бундай курсларда ўқитилмайди.
Ўқув курслари маҳкумларнинг қизиқиш ва қобилиятларидан келиб чиқиб гуруҳларда ташкил этилади (уларни Рақамли технологиялар вазирлиги, Профессионал таълим агентлиги, Ёшлар ишлари агентлиги ва бошқа мутахассислардан иборат ишчи гуруҳи белгилайди). Бир вақтнинг ўзида уларга хорижий тиллар (инглиз, рус, хитой ва бошқалар) ўргатилади.
Ўқитиш учун махсус маҳаллий таълим платформаларига эга хавфсиз интернет муҳити яратилади. Касблар рўйхати ва ўқув дастурлари ёз бошигача тасдиқланиши керак.
Курслар якунида электрон сертификатлар берилади. Иқтидорли ёшлар шартномалар асосида эгаллаган касблари бўйича ишлашлари мумкин бўлади. Улар озодликка чиққанидан кейин ишга жойлашишга кўмаклашиш ҳам режалаштирилган.
Жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилган ёлғиз ёшларнинг жамиятга муваффақиятли интеграциялашуви учун уларнинг ижтимоий муаммолари, жумладан, уй-жойга бўлган эҳтиёжлари ўрганилади. Уларни вақтинчалик уй-жой билан таъминлаш имкониятлари кўриб чиқилади.
2026 йил март ойи бошида Ўзбекистон президенти жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган аёллар учун касб эгаллаш ва олий ўқув юртларида масофавий таълим олиш имкониятлари яратилишини маълум қилган эди.
2017 йилда ташкил этилган ва мамлакат бўйлаб филиалларига эга бўлган Unicon-Soft IT-компанияси 70 дан ортиқ ахборот тизимларини ишлаб чиққан ва жорий этган. Унда 1500 дан ортиқ ходим ишлайди. Президент матбуот хизмати аввалроқ Unicon-Soft божхона соҳасини рақамлаштиришда иштирок этишни ва «Рақамли маҳалла» платформасини жорий этишни режалаштираётгани ҳақида хабар берган эди.