
Ўзбекистонда йўлларни очмасдан сув қувурлари, канализация, газ ва бошқа муҳандислик коммуникацияларига хизмат кўрсатиш имконини берувчи ер ости коллекторларини жорий этиш бошланди. Бу масала 2025 йил 7 октябрь куни Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси мажлисида муҳокама қилинди.
Депутат Раҳматтилло Шукуров янги қурилган йўлларни бузмасдан аварияларни бартараф этиш имконини берувчи тизимларни жорий этишни таклиф қилди.
«Канализация тизимларини модернизация қилиш ёки янгиларини қуришда бугунги кунда қўлланилаётган технологиялар қанчалик инновацион ва самарали? Агар бугун авария ҳолати юзага келса, уни аниқлаш ва бартараф этиш жараёни ҳали ҳам мураккаб бўлиб қолмоқда — бундай аварияни бартараф этиш учун янги қурилган йўлларни қайтадан қазишга тўғри келади. Бизда муҳандислик инфратузилмасида коллекторлардан фойдаланиш амалиёти кўриб чиқилаяптими ва бу соҳага қандай янги технологияларни жорий этиш режалаштирилган?», — деб сўради.
Қурилиш ва уй-жой-коммунал хизмат кўрсатиш вазири ўринбосари Озода Жўраева ҳозирда канализация қувурларини босим остида ювиш ва профилактик кўриклар фаол ўтказилаётганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, қатор ҳудудларда муҳандислик тармоқларини коллекторларга ётқизиш бўйича лойиҳалар аллақачон амалга оширилмоқда.
«Махсус коллекторларни қўллаш — муаммонинг ечимларидан бири. Бундай тизимлар аллақачон Фарғона вилоятида (2,7 км тармоқ) ва Андижонда (Бобур шаҳрида 20 км) амалга оширилмоқда. Янги Тошкент лойиҳасида 40 км муҳандислик коммуникацияларини махсус коллекторларга ётқизиш режалаштирилган», — деди у.
Эслатиб ўтамиз, Янги Тошкентда Туркия компанияси билан ҳамкорликда ичимлик суви таъминоти ва канализация учун ер ости муҳандислик коммуникациялари қурилмоқда, шунингдек, иссиқлик тармоқлари, электр таъминоти ва телекоммуникациялар учун коллекторлар назарда тутилган.
Озода Жўраева бундай тизимларни яратиш фақатгина янги лойиҳалар доирасидагина мумкинлигини, чунки уларнинг нархи юқори ва техник жиҳатдан мураккаблигини таъкидлади.
«Улар жуда катта харажатларни талаб қилади ва бугунги кунда асосий эътибор айнан янги лойиҳаларда коллекторларни амалга оширишга қаратилган. Эски коммуникацияларда бундай ишларни бажариш имконияти йўқ, чунки бу аҳоли учун кўплаб ноқулайликлар, тирбандликлар ва коллекторларни қуришда муаммоларни келтириб чиқариши мумкин», — дея қўшимча қилди.
Вазир ўринбосарининг сўзларига кўра, пойтахтда аллақачон аварияларни мониторинг қилиш ва бартараф этишнинг замонавий усуллари қўлланилмоқда.
«Тошкентда Франциянинг Suez компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳа доирасида қувурларни босим остида ювиш, шунингдек, видеокамералар ёрдамида авария ҳолатларини мониторинг қилиш ва бартараф этиш амалиётлари фаол қўлланилмоқда», — деди Жўраева.
Тошкент ҳокимлиги, «Тошкент шаҳар сув таъминоти» ва қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги (ҚУЖКХВ) Франциянинг Suez компанияси билан 2020 йилда Тошкент сув секторини трансформация қилиш бўйича келишув тузиб, ҳамкорликни йўлга қўйган эди. 2023 йил август ойида Suez билан 7 йиллик шартнома имзоланди. Март ойида Suez билан Сурхондарё, сўнгра Қашқадарё вилоятларида сув таъминотини яхшилаш бўйича келишилган эди.
Озода Жўраева, шунингдек, аҳолининг канализация тизими билан қамраб олиниш даражаси 20,5%ни ташкил этишини маълум қилди. Йил охиригача бу кўрсаткични 22,5% га етказиш режалаштирилган.
Бу прогноз аввал эълон қилинганлардан пастроқ. Хусусан, 2025 йил март ойида «Ўзсувтаъминот» раҳбари вазифасини бажарувчи Аҳмад Сувонқулов 2024 йилда 135 минг хонадонни улаш ва қамровни 20,9% дан 24% гача ошириш режалаштирилганини хабар қилган эди.
Вазир ўринбосари аҳоли ўртасида коммунал маданиятни ошириш муҳимлигига ҳам эътибор қаратди. Унинг сўзларига кўра, кўплаб авария ҳолатлари канализациядан нотўғри фойдаланиш туфайли юзага келади.