Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Авто 23/02/2026

Депутат Тошкент ҳокимидан кўчалар марказидаги янги тўсиқларни асослаб беришни сўрамоқда

Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси депутати Анвархон Темиров Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқовга депутатлик сўрови юборди. Унда пойтахт кўчалари марказига панжараларнинг қайтарилиши қанчалик мақсадга мувофиқлиги масаласи кўтарилган.

«Илгари демонтаж қилинган эски амалиётга қайтиш — пойтахт кўчаларига янги тўсиқлар ўрнатилиши кенг жамоатчилик, шу жумладан ЎзХДП электорати ўртасида асосли эътирозлар ва қатор муҳим саволларни келтириб чиқарди», — деб хабар берди партия матбуот хизмати.

Сўровда қуйидаги саволлар санаб ўтилган:

  • Тошкент кўчалари ва йўлларида ҳаракат йўналишларини ажратиб турувчи металл тўсиқлар ўрнатилиши йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга ва пиёдалар иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишга хизмат қилиши қандай аниқланган?
  • Металл панжаралар ва бошқа чекловчи конструкцияларни ўрнатиш бўйича экспертлар билан маслаҳатлашувлар ўтказилганми, уларнинг хулосалари олинганми? Ушбу масала бўйича илмий асосланган ва таҳлилий материаллар мавжудми?
  • Нима учун илгари пиёдалар ва йўловчилар учун хавф туғдириши тан олинган ажратувчи металл тўсиқларни ўрнатиш амалиётига яна катта миқдордаги давлат маблағлари сарфланмоқда?
  • Пиёдалар кўчаларни қулай ва тез кесиб ўтишини таъминлаш, шунингдек, аҳоли зич жойлашган ва ҳаракат серқатнов бўлган кўчаларда пиёдалар ўтиш жойларини ташкил этиш бўйича қандай ишлар амалга оширилмоқда?
  • Ҳозирги тўсиқ конструкциялари қайси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва стандартлар асосида лойиҳалаштирилмоқда ва ўрнатилмоқда? Бундай металл тўсиқлар ўрнатилиши йўлларда пиёдалар ва йўловчилар хавфсизлигини кафолатлайдими?

Депутат ҳокимдан «ушбу долзарб ижтимоий масала бўйича асослантирилган тушунтириш беришни ёки барча бандларга жавоб берган ҳолда ўз позициясини баён қилишни» сўради.

Аввалроқ пойтахт ҳокимининг ўтган йилги қарорлари билан кўчалар маркази ва четларига панжаралар ўрнатиш учун Тошкент шаҳрини ривожлантириш жамғармасидан 8,4 млрд сўм ажратилгани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, панжаралар ўрнатилиши режалаштирилган кўчалар рўйхати ҳам эълон қилинган эди.

Тўсиқларни оқлашга уриниш

Панжаралар ўрнатилиши тўхтатилган эди, бироқ расмийларнинг хабарига кўра, буни давом эттириш режалаштирилмоқда.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва ИИВ ЖХД ЙҲХХ панжаралар ўрнатилишини «пиёдалар иштирокидаги ЙТҲларнинг олдини олиш ва йўлнинг қатнов қисмини кесиб ўтишни тартибга солиш» зарурати билан оқлашга уринди. Бироқ, мураккаб тилда ёзилган баёнотда зиддиятли бандлар мавжуд.

Хусусан, бир томондан «профессионал таҳлил», «замонавий хавфсизлик стандартлари» ва «қулай шаҳар муҳити» ҳақида сўз борса, иккинчи томондан — ўрнатиб бўлинган панжаралар пиёдалар ўтиш жойларида, қайрилиб олиш ва бурилиш ҳудудларида кўринишни чеклаётгани тан олинган ва уларнинг ўрнатилиш жойларини қайта кўриб чиқиш режалаштирилаётгани айтилган.

Баёнот муаллифлари, шунингдек, 1986 йилдаги ГОСТ 23457–86 га ҳавола қилмоқдалар, экспертларнинг фикрича, у замонавий талабларга жавоб бермайди.

Панжаралар кўринишга халақит беради

2017—2018 йилларда Тошкент маъмурияти ва ЙҲХБ панжаралар ҳам ҳайдовчиларга, ҳам пиёдаларга халақит беришини, кўринишни чеклашини расман тан олган эди. Бу сафар эса улар ўрнатиш жойларини ҳам, баландлигини ҳам, бошқа параметрларни ҳам қайта кўриб чиқишларини билдиришмоқда. Бу панжаралар ўрнатилишига чуқур таҳлил ва тегишли тайёргарлик кўрилмаганини тасдиқлайди.

Кўплаб кўчаларда панжаралар пайдо бўлганига икки ҳафтадан ошди. Бироқ, кўринишни тўсиб қўйган жойларда панжараларни демонтаж қилиш ишлари ҳали бошлангани йўқ.

Мутахассислар кўп маротаба таъкидлаганидек, пиёдалар оқимини тўғри бошқариш керак ва бунинг учун албатта панжаралардан фойдаланиш шарт эмас. Бундан ташқари, муаммони бутун шаҳар учун бир хил эмас, балки аниқ ҳудуднинг хусусиятидан келиб чиқиб ҳал қилиш лозим.