
Ўзбекистон Президентининг 2025 йил 4 декабрдаги қарори билан Тошкентда Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази (ЙҲТМ) тузиш, шунингдек, унинг функциялари ва ваколатлари тасдиқланди. Ҳужжатга кўра, орган Ислом Каримов кўчасидаги шаҳар ҳокимлиги биносида жойлашади. ЙҲТМ ташкил этиш режалари ўтган ҳафтада эълон қилинган эди. Тошкент ҳокими Шавкат Умрзоқов ЙҲТМ иши пойтахтдаги тирбандликларни камида 30−40 фоизга қисқартириш имконини беришини айтган эди.
ЙҲТМнинг асосий вазифалари
Ҳужжат янги тузилманинг вазифаларини белгилайди:
- Рақамли ва «яшил» технологияларни қўллаган ҳолда транспорт, пиёдалар ва йўловчилар оқимларини мониторинг қилиш асосида йўл ҳаракатини ташкил этиш ва бошқариш, хавфсизликни таъминлаш ва тирбандликларнинг олдини олиш;
- Халқаро тажрибага асосланган ҳолда кўча-йўл тармоғи ва транспорт инфратузилмасини ривожлантиришга оид ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш;
- Тошкентнинг транспорт бош режасини ўз ичига олган ҳолда, йўл ва транспорт секторининг барча объектлари ва жараёнлари ҳақида ягона маълумотлар базасини яратиш;
- Йўл ва транспорт соҳаларида фаолият юритувчи ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш;
- Жамоат транспортининг жозибадорлигини ошириш, шахсий автомобиллардан фойдаланишни қисқартириш, микромобилликни ривожлантириш ва экологик вазиятни яхшилаш чоралари;
- Йўл ва транспорт лойиҳаларини, шу жумладан ДХШ форматида амалга оширишга хусусий секторни жалб қилиш;
- Бюджет маблағлари сарфи самарадорлигини ошириш учун коммунал хизматлар иши тўғрисидаги маълумотларни интеллектуал транспорт тизимига интеграция қилиш;
- Ҳайдовчиларнинг транспорт маданиятини оширишга, ЙҲҚга риоя этилишини таъминлашга ва ЙТҲларнинг олдини олишга қаратилган ахборот-маърифий тадбирларни ўтказиш;
- Шаҳар трассалари жамоат транспортининг (метро ва автобус) якуний бекатлари билан кесишган жойларда — Тошкентга кириш жойларида кўп қаватли тўхташ жойларини яратиш;
- Шаҳар кўчалари бўйлаб пуллик тўхташ жойларини тартибга солиш ва яратишда кўмаклашиш;
- Хавфсизлик талабларига риоя қилган ҳолда ер усти метро линиялари ва йўл ўтказгичлар остида тўхташ жойларини ташкил этиш.
ЙҲТМ функциялари
Ҳужжатга кўра, ЙҲТМ транспорт, йўловчи ва пиёдалар оқимлари, йўл шароитлари, авариялар, автотранспорт воситаларининг экологик параметрлари, «яшил» технологияларни жорий этиш статистикаси ва транспорт воситаларини тўхташ жойлари ҳақидаги маълумотларни тўплайди. Ушбу маълумотлар асосида ягона шаҳар йўл маълумотлари базаси шакллантирилади.
Марказ мавжуд транспорт оқимлари, йўл ҳаракатини ташкил этиш схемалари ва стратегияларини баҳолаш, шунингдек, Тошкентнинг транспорт бош режасини ишлаб чиқиш ва мунтазам янгилаш билан шуғулланади. Унинг доирасида ЙҲТМ кўча ва йўллар, кўприклар ва бошқа инфратузилма объектларини қуриш ва модернизация қилиш, шунингдек, ҳаракат самарадорлиги ва хавфсизлигини ошириш бўйича тавсиялар тайёрлайди.
Марказ ишининг воситаларидан бири шаҳар оқимларини математик моделлаштириш бўлади. У йўл ҳаракатини ташкил этиш схемалари, инфратузилмани қуриш ва реконструкция қилиш лойиҳаларини виртуал тарзда синовдан ўтказиш имконини беради.
Марказ йўл ҳаракатини ташкил этиш лойиҳаларини, жумладан, светофорлар ишини бошқаришни ишлаб чиқади ва янгилайди. Шунингдек, унинг вазифаларига пиёдалар зоналаридан тортиб, шахсий ҳаракатланиш воситаларини (велосипедлар, самокатлар) жойлаштириш жойларигача — кўчаларни ободонлаштириш режалари ва дастурларини тайёрлаш киради.
ЙҲТМ юк, экологик ва жамоат транспортларининг тезлик каркасларини шакллантириш қоидаларини, шунингдек, тўхташ жойларини ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқади.
Марказ йўл ҳаракатини ташкил этиш воситаларини (белгилар, чизиқлар, светофорлар, тўсиқлар ва бошқалар) ўрнатиш, эксплуатация қилиш ва таъмирлаш бўйича техник сиёсатни белгилайди.
У қуйидаги ишларни бажариш учун барча тегишли ташкилотларнинг ишини мувофиқлаштиради:
- Транспорт бош режаси асосида йўл ҳаракатини ташкил этиш;
- Йўллар, чорраҳалар, кўприклар ва бошқа транспорт инфратузилмаси объектлари, йўл ҳаракатига таъсир этувчи муҳандислик-коммуникация тармоқлари ва алоқа воситаларини лойиҳалаш, қуриш, таъмирлаш ва реконструкция қилишни режалаштириш, шунингдек, ҳудудларни ободонлаштириш ишлари;
- Интеллектуал транспорт тизимидан фойдаланган ҳолда йўл ҳаракатини автоматлаштирилган бошқариш.
Марказ кўча ва йўлларни қуриш ва реконструкция қилиш лойиҳаларини, жамоат транспорти йўналишларини, бекатлар, тўхташ жойлари ва реклама конструкцияларини келишади. У транспорт ва кўча-йўл тармоғи қисмида шаҳар дизайн-кодини ишлаб чиқишда иштирок этади.
Ташкилот давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини ва унга тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни, шу жумладан тўхташ жойларини яратиш билан боғлиқ ҳужжатларни тайёрлашда ҳам иштирок этади.
Шунингдек, хорижий экспертларни жалб қилган ҳолда йўл ҳаракатини ташкил этиш соҳасида илмий тадқиқотлар ўтказиш ва халқаро ҳамда минтақалараро транспорт лойиҳаларида иштирок этиш назарда тутилган.
ЙҲТМнинг ҳуқуқ ва ваколатлари
Марказ вазирликлар, шаҳар ҳокимияти органлари, ташувчилар, электромобилларни қувватлантириш станциялари операторлари, тўхташ жойлари, микромобилликни ижарага бериш хизматлари ва бошқа ташкилотлардан маълумот олиш ҳуқуқига эга.
Тузилма қуйидагиларни тасдиқлайди:
- Йўл ҳаракатини ташкил этиш лойиҳалари;
- Пуллик тўхташ жойлари зоналари, электромобилларни қувватлантириш станциялари ва шахсий ҳаракатланиш воситаларининг тўхташ жойларини ўз ичига олган транспорт инфратузилмаси объектлари;
- ЙҲҚ бузилишлари, ободонлаштириш ва экология соҳасидаги бузилишларни фото ва видео қайд этиш комплекслари, шунингдек, интеллектуал транспорт тизими ускуналарини жойлаштириш нуқталари;
- Шаҳар ер усти транспорти ташувчиларининг маълумотларини интеллектуал транспорт тизимига интеграция қилиш регламенти.
Марказ кўчаларнинг айрим қисмларида тезлик режимини белгилаш ва алоҳида турдаги транспорт воситалари, жумладан, юк автомобиллари ҳаракатига чекловлар киритиш ҳуқуқини олди.
Унга, шунингдек, транспорт инфратузилмаси объектларида (умумий фойдаланишдаги йўллардан ташқари) таъмирлаш, ободонлаштириш ва бошқа ишларни амалга оширишга рухсатнома бериш ҳуқуқи берилди.
Марказ юк ташиш каркаси қоидаларига риоя этилиши учун транспорт воситаларининг вазн ва габарит параметрларини назорат қилади, шунингдек, транспорт бош режаси, транспорт макромодели, юк ташиш каркаси қоидалари ва йўл ҳаракатини ташкил этиш лойиҳаларини яратиш бўйича тўғридан-тўғри шартномалар тузиш ҳуқуқига эга бўлади.
Ташкилот фото ва видео қайд этиш воситалари томонидан қайд этиладиган бузилишлар рўйхатига ва жарималар миқдорига тузатишлар киритиш бўйича таклифлар киритиши, шунингдек, тегишли техник воситалар билан қайд этилиши мумкин бўлган бузилишлар рўйхатини белгилаши мумкин.
Марказ транспорт инфратузилмаси объектларида ишлайдиган ташкилотларга бажарилиши мажбурий бўлган тақдимномалар юбориш ва тирбандликларни камайтириш бўйича ўз мажбуриятларини лозим даражада бажармаган масъул шахсларга нисбатан интизомий чоралар қўллашни бошлашга ҳақли.
Марказ тўхташ жойлари, транспорт бекатлари, вендинг тизимлари ва йўл инфратузилмаси объектлари билан боғлиқ давлат-хусусий шериклик лойиҳаларида давлат ҳамкори функцияларини бажаради.
Шунингдек, у халқаро молия ташкилотлари томонидан молиялаштириладиган лойиҳаларда Тошкент шаҳар ҳокимлиги манфаатларини ҳимоя қилади ва қурилиш, реконструкция ёки капитал таъмирлашдан сўнг йўл инфратузилмаси объектларини қабул қилиш комиссияларида иштирок этади.
Ҳокимлик 2024 йил март ойида Президентга ЙҲТМ лойиҳасини тақдим этган эди. Ўшанда пойтахтнинг деярли барча кўчалари замонавий техник талабларга жавоб бермаслиги хабар қилинганди. Ўтган вақт давомида пойтахтда биринчи тезюрар автобус линияси, пуллик тўхташ жойлари тизими ишга туширилди ва бир қатор бошқа лойиҳалар амалга оширилди.