Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Авто 05/02/2026

«Ўзбекистон–2030» стратегияси лойиҳасидаги «кўр зона»: йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳаси

Ўзбекистонда йўл-транспорт ҳодисалари оқибатидаги ўлим ҳолатлари энг ўткир ижтимоий муаммолардан бири бўлиб қолмоқда. Шунга қарамай, «Ўзбекистон–2030» стратегияси лойиҳасида йўлларда ҳалок бўлганлар сонини камайтиришга қаратилган мақсад анча мавҳум ифодаланган.

Стратегия лойиҳасининг 411-бандида «оғир оқибатли йўл-транспорт ҳодисалари сонини камида 50 фоизга камайтириш» кўзда тутилган, яъни: 2026 йилда 15 фоизга, 2027 йилда 25 фоизга, 2028 йилда 35 фоизга, 2029 йилда 48 фоизга ва 2030 йилда 50 фоизга.

Шаҳарсозлик бўйича мутахассис Бобур Сиражевнинг фикрича, мақсад тўғри бўлса-да, бундай таъриф масъул органлар томонидан расмий «хавфсизлик ойликлари»дан самарали инфратузилмавий ва тизимли ўзгаришларга ўтиш учун етарли рағбат яратмаслиги мумкин.

«Индикаторларни танлашда ёки ўлим кўрсаткичини жорий даражадан мутлақ қийматларда камайтиришни, ёки халқаро амалиётда қабул қилинганидек, аҳолининг табиий ўсишини ҳамда шаҳар чегаралари кенгайган тақдирда қўшиладиган ҳудудлар ҳисобига аҳоли сони ортишини ҳисобга олган ҳолда, ҳар 100 минг кишига тўғри келадиган ўлим кўрсаткичини янада қатъийроқ мақсадли қиймат билан белгилаш мақсадга мувофиқ бўларди», — деб таъкидлади.

Яна бир мақсад — 408-бандда — «100 минг аҳолига тўғри келадиган ЙТҲ билан боғлиқ жиноятларнинг йиллик кўрсаткичини» 2026 йилдаги 22 фоиздан 2030 йилда 18 фоизгача камайтириш сифатида белгиланган. Бу ерда айнан нима назарда тутилгани ноаниқ.

«Натижада стратегия лойиҳаси муаммо мавжудлигини фақат расмиятчилик учун қайд этади, лекин уни асосий мақсад — инсонлар ҳаётини сақлаб қолиш билан боғламайди», — деди Бобур Сиражев.

Давлат сиёсатининг асл мақсади йўллардаги ўлим ҳолатларига нисбатан муросасизлик (ноль даражали тоқат) бўлиши керак, деб ёзади мутахассис ўзининг Urban Metrics каналида: «Ноль. Биз қабул қилишимиз керак бўлган ягона рақам шу».

Бу маданиятнинг бир қисмига айланиши учун «ЙҲҚ бузилиши ва ўлим билан боғлиқ ЙТҲларга муросасизлик ғоясини агрессив равишда оммалаштириш, янги йўл этикасига нисбатан жамоатчилик талабини шакллантириш керак. Бу ерда давлат ва ННТларнинг роли муҳим», деб ҳисоблайди.

Статистика реал манзарани акс эттирмаяпти

Яқинда Тошкентда 2025 йилда ЙТҲ оқибатидаги ўлим кўрсаткичи 2024 йил даражасида қолгани (мос равишда 91 ва 90 ҳолат) ҳақидаги янгиликни шарҳлар экан, Бобур Сиражев эълон қилинган қуруқ рақамлар «мутлақо оптимистик кўринмаслигини ва трендда реал ўзгариш юз бермаганини кўрсатишини» қайд этди. Тўлиқ манзарани англашга статистиканинг ёпиқлиги ҳам халақит бермоқда.

«Статистика 90 нафар ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганлар билан боғлиқ 1135 та ЙТҲни қайд этган, бироқ бу рақамлардан айнан қандай ҳолатлар юз бергани ва уларнинг иштирокчилари кимлиги тушунарсиз. Очиқ маълумотлар мавжуд бўлганда, қайси гуруҳлар — пиёдалар, ҳайдовчилар, жамоат транспорти йўловчилари, шахсий ҳаракатланиш воситалари фойдаланувчилари, болалар ёки кексалар кўпроқ заиф эканини, шунингдек, энг оғир авариялар қаерда ва қандай шароитларда содир бўлаётганини аниқлаш мумкин бўларди», — деб таъкидлайди эксперт.

«Ҳозирги вазиятда эса умумлаштирилган кўрсаткичлар сабаб ва оқибатларни тўлақонли таҳлил қилиш имконини бермайди. Натижада қарорлар кўр-кўрона қабул қилинмоқда ва шаҳар қайта-қайта янги тўсиқлар ўрнатиш каби «универсал» чораларга қайтмоқда, ваҳоланки уларнинг самарадорлигини шаффоф ва очиқ статистикасиз на исботлаб, на инкор этиб бўлади».

ЙҲҚнинг оммавий бузилиши нормага айланди

«Кўчаларда ҳуқуқбузарликлар ҳақиқатан ҳам камаяптими? Жавоб жуда оддий: йўқ», — дейди Бобур Сиражев. У ўз фикрини қуйидагича изоҳлайди:

  1. Ўзбекистонда «кўрлик» ёки танлаб ҳуқуқни қўллаш амалиёти шаклланиб бўлган. Оммавий кундалик қоидабузарликлар тобора кўпроқ «кўр нуқталар»га тушиб қолмоқда ва муаммо сифатида қабул қилинмай қўймоқда. Йилдан-йилга бундай зоналар кўпайиб бормоқда.

Сўнгги ўн йилликларда тартибга солувчининг ишораларига амал қилмаслик, манёвр қилиш қоидаларини бузиш (чапга ёки ўнгга четки қаторлардан бўлмаган жойдан қайрилиш), светофорнинг тақиқловчи чироғида «ўтиб кетиш» (бир гуруҳ бўлиб ўтиш ҳолатлари), тирбанд чорраҳага чиқиб кетиш (ЙҲХХ ходимлари буни бутунлай эътиборсиз қолдиришмоқда), тўхтаб туриш қоидаларини бузиш (иккинчи қаторда, пиёдалар йўлагида, чиқиш йўлларини тўсиб қўйиш), авария чироғидан «ҳамма нарса мумкин» тугмаси сифатида фойдаланиш, хавфли тарзда тезликни ошириш одатий ҳолга айланди.

Давлат органларининг фаолияти натижасида юзага келган ҳолатлар — чорраҳаларда светофор ва белгиларнинг етишмаслиги, чизиқлар, белгилар ва светофорлар ўртасидаги қарама-қаршиликлар ҳам норма сифатида қабул қилинмоқда.

  1. Тизим осон ўлчанадиган ва расмий қайд этиладиган нарсаларга эътибор қаратади, лекин шу билан бирга ўзига қарши ишлай бошлайди.Тошкентдаги тўрт ва ундан ортиқ қаторли деярли ҳар қандай йирик чорраҳа ҳар куни ЙҲХХ ходимлари томонидан қўлда бошқариш режимига ўтказилади. Натижада фото ва видео қайд этиш камералари амалда «кўр» бўлиб қолади, чунки автоматик қайд этиш ўчирилади.

«Натижа аён. ЙҲҚга мутлақо беписандлик. Чапга қайрилишлар деярли энг четки ўнг қаторлардан амалга оширилади. Автомобиллар оқими светофорнинг тақиқловчи чироғи ёки тартибга солувчининг ишорасидан кейин ҳам ҳаракатланишда давом этади», — деб ёзади Бобур Сиражев.

Яна бир яқин мисол — ўнг томондаги А-чизиқлари (автобуслар учун), деб қайд этади у. Ҳамма биладики, тирбанд бўлмаган вақтда А-чизиғида ҳаракатланиш жаримага олиб келиши мумкин. Аммо тирбанд вақтида, бу чизиқларнинг устуворлиги жамоат транспорти йўловчилари учун айниқса муҳим бўлган пайтда, улардан деярли ҳамма фойдаланишни бошлайди. Сабаби оддий: бу вақтда жарима ёзиши мумкин бўлганларнинг барчаси чорраҳаларда тирбандликни қўлда «ҳал қилиш» билан банд бўлади. А-чизиқлари назоратсиз, демакки, устуворликсиз қолади.

«Шу билан бирга, бирорта ҳайдовчи «трасса» (президент кортежи юрадиган кўча — таҳр.) бўйлаб автомобилини 3.27 («Тўхташ тақиқланган») белгиси остида ҳатто 5 дақиқага ҳам қолдиришга ботинмайди, чунки бунинг ортидан нафақат жарима, балки эвакуация ҳам келишини ҳамма билади», — дейди Бобур Сиражев.

  1. Қоидабузарликлар нормага айлангач, улар хавф сигнали бўлишдан тўхтайди.«Бундай шароитда жамият ҳам, назорат қилувчи органлар ҳам хавфли хулқ-атворга мослашади. Тизимли ечимлар излаш ўрнига муаммони расмиятчилик билан «зарарсизлантириш»га ҳаракат қилинади», — деб таъкидлайди мутахассис.

«Агар профилактикага бўлган ёндашувларни қайта кўриб чиқмасак, тўлқинсимон «ойликлар»дан тизимли чораларга ўтмасак, яқин келажакда ортга қайтмайдиган нуқтага келиб қолиш хавфимиз бор», — деб ҳисоблайди.

Эслатма сифатида:

  • 2018 йилда Ўзбекистон 2025 йилгача йўл-транспорт ҳодисалари сонини икки баравар камайтириш мақсадини қўйган эди. Бунга эришилмади.
  • 2023 йилда ЙҲХХ бир йил давомида мамлакатда ЙТҲлар сонини ва ундаги ўлим ҳолатларини 15 фоизга камайтириш вазифасини қўйган эди. Бу вазифа амалга оширилмади.

Ўша 2023 йилда «Ўзбекистон–2030» стратегиясига 2030 йилгача оғир оқибатли ЙТҲлар сонини камида 50 фоизга камайтириш мақсади киритилган эди. ЙТҲлар сони, ўлим ва жароҳатланишларни қисқартириш бўйича миқдорий кўрсаткичлар келтирилмаган эди.