“Ўта қабиҳ қоидабузарларга қонун кучини кўрсатиш мақсадида янги тизим жорий этамиз”, — Ўзбекистон Республикаси Президенти

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда йўл ҳаракати хавфсизлигини ошириш бўйича йиғилишда ҳайдовчиларнинг йўл ҳаракати қоидаларига бепарволигига эътибор қаратди.

2024 йили ҳайдовчилар томонидан 24 миллионта йўл ҳаракати қоидабузарлиги содир этилган бўлиб, уларнинг 81% қўпол қоидабузарликлардир. Самарқанд, Қашқадарё, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида бу ҳолат мунтазам тус олган.

Ижтимоий тармоқларда “Жаримани тўладим-ку, энди хоҳлаганимча ҳайдашим мумкин”, деган фикр, шу жумладан, таниқли шахслар орасида ҳам оммалашмоқда, дейилди йиғилишда.

“Энди ҳайдовчилик маданиятини ошириш ва ўта қабиҳ қоидабузарларга қонун кучини кўрсатиш мақсадида янги тизим жорий этамиз”, — деди Президент.

“Сурункали қоидабузарлар” дастури ишга туширилади. Агар ҳайдовчи 1 ой ичида 2 марта қарама-қарши ҳаракат йўналишига чиқиб кетса ёки қизил чироқда ўтса ёхуд 5 марта тезликни оширса, унга бир йил давомида жарималарга чегирмалар берилмайди. Агар бир ой ичида 10 дан ортиқ қоидабузарликка йўл қўйилса, ҳайдовчи 6 ойгача муддатга ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум этилади.

Бундан ташқари, тезликни оширганлик учун жарималарни тайинлаш тартиби қайта кўриб чиқилади: лимитни 2-3 марта оширганлик учун ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум қилиш режалаштирилган. Бунинг учун қонунчиликка ўзгартиришлар киритилади.

Шунингдек, кўплаб ЙҲХБлар ҳуқуқбузарлик содир этилганидан 7-8 ой ўтиб жарима қарорларини чиқараётгани ва бу ҳолат шикоятларга сабаб бўлаётгани қайд этилди. Эндиликда, агар қоидабузарлик содир этилганидан буён 1 ойдан ортиқ вақт ўтган бўлса ва қарор қабул қилинмаган бўлса, ҳайдовчи жарима тўламайди.

“Замонавий йўллар қурилаётгани ва хавфсизликнинг юқори стандартларига эга автомобиллар кўпайиб бораётганини ҳисобга олиб, Президент тезлик чекловлари масалаларига янгича ёндашув зарурлигини кўрсатди”, — дейилади хабарда.

Ички ишлар вазирлигига вилоят ҳокимлари билан биргаликда тезлик лимитларини қайта кўриб чиқиш мумкин бўлган йўл участкалари рўйхатини тайёрлаш топширилди.

Йиғилишда маъмурий бинолар ёнидаги автотураргоҳ муаммоси ҳам кўриб чиқилди. Президентнинг таъкидлашича, аҳоли вазирликлар ва ҳокимликлар бинолари ёнида ҳаракатланиш кўпинча тақиқланганидан ва бу муассасалар ходимлари автотураргоҳ учун 2-3 та полосани эгаллаб олишаётганидан норози.

Муассасалар ёнидаги барча асоссиз ўрнатилган тақиқловчи белгиларни олиб ташлаш, шунингдек, вазирлик ва идоралар ходимлари ўзбошимчалик билан кўча йўлакларини автотураргоҳ учун эгаллаб олиб, ноқулайликлар келтириб чиқараётган жойларда жазонинг муқаррарлигини таъминлаш мақсадида камералар ўрнатиш топширилди.

Шунингдек, давлат хизматчилари намуна бўлиши ва жамоат транспортидан фойдаланиши лозимлиги таъкидланди. “Бундан буён йўллардаги имтиёзлар фақатгина Ҳукумат қарори билан тасдиқланган рўйхатдаги автомобиллар учун сақланиб қолади”, — дейилди йиғилишда.

Эслатиб ўтамиз, 2025 йил 1 июндан бошлаб Ўзбекистонда ЙҲҚ бузилганлиги учун жарима баллари тизими ишга тушди, уларни онлайн кузатиш мумкин. ЙҲҚнинг ҳар бир қайд этилган бузилиши учун жарима баллари асосий жаримага қўшимча равишда ҳисобланади ва уни тўлашдан озод қилмайди. Агар ҳайдовчи бир йил ичида 12 жарима балли тўпласа, унинг ҳайдовчилик гувоҳномаси олиб қўйилади.

ЙҲХББ матбуот хизмати янги тизимни шундай изоҳлади: “12 балл тўплаш жуда оддий… Бу амалда нимани англатади? Тўхташ ёки тўхтаб туриш қоидаларини 60 марта бузиш кифоя. Ёки қизил чироқда 12 марта ўтиш. Ёки атиги 8 марта хавфли гуруҳли ҳаракатда иштирок этиш”.