
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси 2025 йил 17 июнь куни бўлиб ўтган мажлисида йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жазоларни юмшатиш, шунингдек, маъмурий огоҳлантиришни алоҳида чора сифатида киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини биринчи ўқишда маъқуллади.
Хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда фото ва видеофиксация камералари ёрдамида қайд этилиши мумкин бўлган бузилишларнинг аниқ рўйхатини келтириш таклиф қилинмоқда:
- МЖТК 125-моддасининг 1, 5 ва 6-қисмлари – хавфсизлик камарини тақмаслик, давлат рақамисиз транспорт воситасини бошқариш, ўзига тегишли бўлмаган рақам билан транспорт воситасини бошқариш;
- 128-модда – транспорт воситаларини тротуарлар, велосипед йўлаклари, яшил зоналар бўйлаб ҳаракатланиш, йўл белгилари талабларига риоя қилмаслик;
- 128-1-модда – ҳайдаш пайтида телефондан фойдаланиш;
- 128-3-модда – тезликни ошириш;
- 128-4-модда – светофорнинг тақиқловчи сигнали талабларини бажармаслик, тўхташ чизиғини кесиб ўтиш;
- 128-5-модда – махсус транспорт ҳаракатига халақит бериш, ЙТҲ содир этиш, қарама-қарши ҳаракат йўналишига чиқиш;
- 128-6-модда – тўхташ ва тўхтаб туриш қоидаларини бузиш;
- 128-7-модда – автобус йўлагида ҳаракатланиш;
- 128-9-модда – қувиб ўтиш қоидаларини бузиш;
- 128-10-модда – йўлда безорилик;
- 129-модда – хавф туғдирувчи гуруҳ бўлиб ҳаракатланишда иштирок этиш;
- 130-модда – темир йўл кесишмаларидан ўтиш қоидаларини бузиш;
- 135-модданинг 2-қисми – транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқи бўлмаган шахс томонидан транспорт воситасини бошқариш.
Бу қоидабузарликлар бевосита фото ва видеокамералар, шунингдек, радарлар ёрдамида қайд этилиши мумкин. Аввалроқ қайд этилганидек, тўхташ чизиғидан ташқари йўл чизиқларини босиб ўтиш камералар томонидан қайд этилмайди.
Бундан ташқари, йўл камераси қайд этган қоидабузарлик учун жарима тўғрисида қарор чиқариш муддати 1 ойгача қисқартирилади (шикоят қилинган тақдирда – бир йилдан кечиктирмай). Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси Жаҳонгир Ширинов баъзи ҳолларда хатлар ҳуқуқбузарлик содир этилганидан кейин 7-8 ойгача кечикиши мумкинлигини таъкидлади. Агар қарор белгиланган муддатдан кечикиб чиқарилса, жарима қўлланилмайди.
Ҳужжатда янги таъсир чораси – маъмурий огоҳлантириш ҳам жорий этилмоқда. Огоҳлантириш биринчи марта қуйидаги ҳуқуқбузарликларни содир этган шахсларга бир йилда бир марта қўлланилиши мумкин:
- 125-модда – транспорт воситаларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш, яъни хавфсизлик камарини тақмасдан юриш, техник кўрикдан ўтмаслик, ойналарни синдириш учун болғача, ёнғин ўчиргич ва бошқа жиҳозлар билан жиҳозланмаган автомобиль;
- 128-1-модда – ҳайдаш пайтида телефондан фойдаланиш;
- 128-2-модда – ҳайдаш пайтида монитордан фойдаланиш;
- 128-6-модда – тўхташ ва тўхтаб туриш қоидаларини бузиш;
- 135-1-модда – мажбурий суғурта талабларини бузиш;
- 138-модда – пиёдалар ва йўл ҳаракатининг бошқа иштирокчилари томонидан ЙҲҚ бузилиши.
Қайд этилишича, ҳуқуқбузарликлар статистик кўрсаткичлар асосида, шунингдек, уларда юқори ижтимоий хавфнинг йўқлиги ҳисобга олинган ҳолда танлаб олинган.
Бу ҳақдаги қонун лойиҳаси президент Шавкат Мирзиёев топшириғига биноан ишлаб чиқилган.