
2025 йил 1 июндан бошлаб Ўзбекистонда ихтисослаштирилган автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш воситалари ёрдамида йўл чизиқларини босиб ўтиш билан боғлиқ қоидабузарликларни қайд этиш тақиқланади. Бундан стоп-чизиқ (5.33 йўл белгиси) мустасно. Бу ҳақдаги қарор президент Шавкат Мирзиёев топшириғига биноан Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинди, дея хабар берди давлат раҳбарининг матбуот котиби Шерзод Асадов.
Унинг таъкидлашича, қарор «аҳолининг таклиф ва истакларини инобатга олган ҳолда, йўл ҳаракатини ташкил этишни янада такомиллаштириш, ҳайдовчиларга қўшимча қулайликлар яратиш ва уларни ташвишга солаётган муаммоли масалаларни ҳал этиш мақсадида» қабул қилинган.
Энди «агар ҳайдовчи йўл чизиғини босиб ўтса, бу қоидабузарлик радар ёки видеокамера томонидан автоматик равишда қайд этилмайди, демак, автоматик жаримага ҳам олиб келмайди. Бироқ, ЙПХ ходими томонидан бундай қоидабузарлик аниқланса, у белгиланган тартибда расмийлаштирилади».
Қайд этиш жоизки, сўнгги йилларда Ўзбекистонда чорраҳалардаги чизиқларни бузганлик учун ҳайдовчиларга автоматик равишда жарима юбориш ҳокимиятнинг энг кўп танқид қилинаётган қарорларидан бирига айланди. Кўп сонли қайд этиш воситалари тадбиркорларга тегишли бўлиб, улар камералар қоидабузарликларни қайд этиши учун биринчи навбатда чорраҳалар олдидаги чизиқларни янгилашган. Кўпгина ҳайдовчилар чорраҳалар олдида машиналар тўхтаб қолган ёки йўлнинг қатнов қисмида чуқурлар бўлган ҳолатларда мажбурий равишда чизиқни кесиб ўтганликлари учун жарималарни олиб ташлашга вақт сарфлашга мажбур бўлишган.