
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев йўл ҳаракати хавфсизлигини ошириш бўйича йиғилишда «Хавфсиз йўл» миллий дастури ишга туширилишини эълон қилди, дея хабар берди унинг матбуот котиби Шерзод Асадов. Ушбу дастур йўл инфратузилмасини яхшилаш ҳисобига авариялар сонини камайтиришга қаратилган.
Ушбу миллий дастур доирасида Республиканинг «Хавфсиз йўл ва хавфсиз пиёда» фонди фаолияти ислоҳ қилинади ва у ҳукумат тасарруфига ўтказилади. Фонднинг ҳар бир ҳудудда алоҳида филиаллари ташкил этилади.
2025 йилда фонд барча молиялаштириш манбаларидан 400 миллиард сўм маблағ олиши кутилмоқда. Бундан ташқари, фото ва видеорадарлардан бюджетга тушадиган жарималарнинг 25% ҳам фонд ва унинг филиалларига йўналтирилади.
Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси тизимидаги йўл белгилари ва светофорларни ўрнатиш, йўл чизиқларини чизишга масъул корхоналар ҳам вилоятлар тасарруфига ўтказилади.
Фонд таркибига вилоят йўл хизмати ва автомобил йўллари бошқармалари бошлиқлари, шунингдек, жамоатчилик вакиллари киради, бу эса фонд ишининг шаффоф бўлишини таъминлаши кутилмоқда.
Фонд маблағлари биринчи навбатда авария хавфи юқори бўлган йўл участкаларини тартибга солишга — ажратувчи тўсиқлар, йўл белгилари, ёритиш мосламаларини ўрнатиш, пиёдалар ўтиш жойларини ташкил этиш ва чорраҳаларни рақамлаштиришга йўналтирилади.
Аҳоли ва жамоатчилик фикрлари асосида энг муаммоли участкаларни аниқлаш учун президент алоҳида электрон портал ишга туширишни топширди.
Ҳокимлар ва ички ишлар органлари раҳбарлари ушбу порталга йўл белгилари, йўл чизиқлари, пиёдалар ўтиш жойлари ва светофорларни қаерга ўрнатиш кераклиги ҳақидаги маълумотларни очиқ ҳолда — сметаларини илова қилган ҳолда жойлаштирадилар.
Аҳоли ҳам бу рўйхатни тўлдириши ва лойиҳалар учун овоз бериши мумкин бўлади. Порталда бажарилган ишларнинг фото ва видеоматериаллари эълон қилинади, уларни кейин баҳолаш мумкин бўлади.
Вилоят ва туманларнинг фонд маблағларини шакллантириш имкониятлари бир хил эмаслиги қайд этилди. Шу муносабат билан фондга лойиҳаларни молиялаштириш учун маблағларни ҳудудлар ўртасида тақсимлаш ҳуқуқи берилади.
Ички йўлларни тартибга солиш масъулияти вилоят ва туман ҳокимлари зиммасига юкланади.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йилда Ўзбекистон президенти беш йилга мўлжалланган «Хавфсиз ва равон йўл» умуммиллий дастурини тасдиқлаган эди. Ҳужжат ҳудудлар бўйича йўл инфратузилмасини яхшилаш кўрсаткичларини белгилайди. Аммо ҳужжатда режалаштирилган тадбирлар авариялар ва ўлим ҳолатларини қанчалик камайтириши бўйича баҳолар келтирилмаган эди.