Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 24/01/2026

Йиллик 180 фоизгача бўлган ставкалар. Марказий банк банкларнинг кредит бўйича кечикишлар учун жазо чоралари ҳақида

Ўзбекистон банклари кредит тўловлари муддати бузилганда, айрим ҳолларда қарзнинг дастлабки суммасига ва кредиторларнинг реал харажатларига мутаносиб бўлмаган фоизлар ҳамда жарималар ҳисобламоқда. Бу ҳақда Марказий банкнинг 2026 йил 20 январдаги тижорат банкларига йўллаган хатида сўз боради.

Регулятор таҳлилига кўра, тўлов муддатлари бузилганда, муддати ўтган қарздорлик суммасига ҳисобланадиган фоизлар шартномадаги йиллик ставкага нисбатан 1,5−3 бараварга ошади, айрим ҳолларда эса йиллик 150−180 фоизга етади.

Марказий банк баҳосига кўра, бундай ҳисоб-китоблар амалда банклар учун фоизли даромаднинг муқобил шаклига айланиб қолмоқда.

Бундан ташқари, регулятор кредит фоизларини тўлаш кечиктирилганда кўпинча максимал чегараси белгиланмаган кунлик пеня қўлланилишини, натижада унинг йиллик миқдори кредитнинг дастлабки суммасидан бир неча баравар ошиб кетиши мумкинлигини кўрсатиб ўтди.

Шунингдек, кредиторнинг реал харажатлари билан боғлиқ бўлмаган қўшимча бир марталик жарималарни қўллаш ҳолатлари ҳам қайд этилмоқда. Айрим вазиятларда бир вақтнинг ўзида юқори фоиз ставкаси, пеня ва бир марталик жарима қўлланилади.

МБ маълумотларига кўра, муддатини ўтказиб юбориш билан боғлиқ умумий қўшимча харажатлар қатор ҳолларда кредитни ўз вақтида ва виждонан тўлаш қийматидан бир неча баравар ошиб кетади. Бу қарз олувчилар зиммасига ҳаддан ташқари молиявий юклама тушишига олиб келади ва мажбуриятларни бажаришни иқтисодий жиҳатдан қийинлаштиради.

Регуляторнинг қайд этишича, бундай амалиёт кредитор учун муддатини ўтказиб юборишнинг олдини олиш ёки қарздорликнинг ўз вақтида сўндирилишига кўмаклашишдан кўра, кечикиш фактидан фойда олиш манфаатлироқ бўлган иқтисодий моделни шакллантиради.

«Кредит шартномаларининг бундай шартлари кредиторни тўлов интизомини таъминлаш ўрнига объектив равишда кечикишлардан даромад олишга ундайди, шунингдек, кредитлаш шартларини очиқлашда шаффофликнинг бузилиши хавфини туғдиради. Хусусан, мажбуриятларни бузишнинг реал молиявий оқибатлари қарз олувчи томонидан кредит олиш тўғрисида қарор қабул қилиш босқичида тегишли равишда баҳоланмайди», — дейилади хабарда.

Бу каби амалиёт томонлар манфаатлари мувозанатини бузади, ижтимоий хавфларнинг ўсишига, фуқаролар мурожаатлари кўпайишига ва банк тизимига бўлган ишончнинг пасайишига хизмат қилади.

Марказий банк мажбуриятларни ўз вақтида бажармаганлик учун санкциялар компенсация хусусиятига эга бўлиши кераклигини таъкидлаб, муддатини ўтказиб юбориш кредитор учун даромад манбаига айланадиган шартнома шартларини шакллантиришни йўл қўйиб бўлмайдиган ҳолат деб ҳисоблайди.

Бундай амалиётлар мавжудлиги регулятор томонидан кредит мажбуриятларини бузганлик учун аниқ ва шаффоф молиявий жавобгарлик миқдорларини белгилашга қаратилган қонунчилик талабларини қайта кўриб чиқишга сабаблардан бири бўлди.