Ўзбекистон ва Еврокомиссия виза тартибини соддалаштиришни муҳокама қилди

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Еврокомиссиянинг ички ишлар ва миграция бўйича Бош директорияти Ўзбекистон фуқаролари учун Европа Иттифоқига меҳнат фаолияти, ўқиш, юк автомашиналари ҳайдовчилари, шунингдек, туристик гуруҳлар учун виза тартибларини соддалаштириш имкониятларини муҳокама қилди.

Маслаҳатлашувларнинг биринчи босқичи Тошкентда бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА. Хабарда айтилишича, Европа томони Ўзбекистон фуқаролари учун виза тартибини соддалаштириш масаласини Еврокомиссия йиғилишлари кун тартибига киритиш учун бажарилиши лозим бўлган бир қатор шартларни белгилаб берган.

«Учрашув якунлари бўйича виза режимини соддалаштириш мақсадига тезроқ эришиш учун шунга ўхшаш маслаҳатлашувларни ўтказиш бўйича келишувга эришилди», — дейилади хабарда.

2025 йил октябрь ойида Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимни имзолаган эди. Ўшанда бу ҳужжат томонлар ўртасида реадмиссия ва виза тартибини соддалаштириш масалалари бўйича музокараларни бошлаш учун имконият очиши қайд этилганди.

ЕИнинг Ўзбекистондаги элчиси Тойво Клаар ноябрь ойида виза тартибини енгиллаштириш бўйича музокаралар истиқболда бошланиши мумкинлигини айтган эди. У бу масаладаги илгарилаш Ўзбекистон ва ЕИ ўртасидаги икки томонлама муносабатларнинг мустаҳкамланишига ҳамда ўзбекистонликларнинг Европа Иттифоқи мамлакатларидаги виза қоидаларига риоя қилишига боғлиқлигини таъкидлаган.

«Агар фуқаролар виза қоидалари ва бўлиш муддатларига риоя қилишса, бу кейинги қадамлар учун яхши асос яратади», — деб қайд этган эди ўшанда элчи.