Европа ва Марказий Осиёда унумдорликни ошириш ЯИМ ва иш ўринлари сонини кўпайтиради — Жаҳон банки

Иқтисодий ўсишни жадаллаштириш учун Европа ва Марказий Осиё (ЕМО) мамлакатлари мавжуд иқтисодий активлардан янада самарали фойдаланиш ва корхоналар ҳамда аҳоли салоҳиятини ривожлантиришга инвестиция киритиш учун шошилинч чоралар кўриши керак. Бу ҳақда Жаҳон банкининг «Ўзгариш воситалари: Европа ва Марказий Осиёда унумдорлик ўсишини рағбатлантириш» номли янги ҳисоботида айтилган. Тадқиқот 2008–2023 йилларда ЕМОдаги 16 та мамлакатда, жумладан, Ўзбекистондан олинган маълумотлар асосида 40 миллиондан ортиқ корхона даражасидаги кузатувларга таянади.

Ҳисобот хулосаларига кўра, иқтисодий ўсишни жадаллаштириш учун фақатгина капитал ва ишчи кучини ошириш етарли бўлмайди, «чунки бу ўсиш тенгламасининг фақат бир қисмидир». «Иккинчи қисм — бу капитал ва меҳнат ресурсларидан фойдаланиш самарадорлиги кўрсаткичи бўлган унумдорликдир», — дейилади ҳисоботда.

Жаҳон банкининг баҳолашича, агар ЕМО минтақасида унумдорлик 10 фоизга ошса, деярли икки миллионта янги иш ўрни пайдо бўлиши мумкин.

Ҳисоботда айтилишича, 2008 йилги глобал молиявий инқироздан сўнг минтақада иқтисодий ўсишнинг секинлашуви деярли бутунлай унумдорлик ўсишининг секинлашуви билан боғлиқ бўлган.

«Ўсиш суръатларининг пасайиши ислоҳотлар динамикасининг сусайиши билан мос келди, бу камроқ самарали давлат корхоналарининг салмоқли улуши каби бозор механизмларидаги бузилишларнинг сақланиб қолишига ёрдам берди ва ресурсларни энг катта фойда келтириши мумкин бўлган жойга йўналтиришга имкон бермади. Бу омиллар жаҳон бозорларига тўлиқ интеграция қилинмаганлиги ва корхоналарнинг заиф салоҳияти билан биргаликда унумдорликка салбий таъсир кўрсатмоқда ва мамлакатларнинг имкониятларини чекламоқда», — дейилади ҳисоботда.

Ҳисобот муаллифларининг ҳисоб-китобларига кўра, агар 2008 йилдан кейин ЕМО мамлакатларида унумдорлик ўсиш суръатлари молиявий инқирозгача бўлган даражага мос келганида, минтақа ЯИМ тахминан 62 фоизга кўпроқ бўлиши мумкин эди.

Ҳисоботда минтақадаги энг самарали компаниялар экспортчи корхоналар эканлиги ҳам айтилган. Улар умумий корхоналар сонининг фақат кичик бир қисмини ташкил этса-да, ЕМОнинг аксарият мамлакатларида иш билан бандлик, инвестициялар ва қўшилган қиймат яратишга номутаносиб равишда катта ҳисса қўшмоқда.

«Аслида, ЕМО мамлакатларида савдо айланмаси ўртача 45 фоизга камроқ бўлиши мумкин, бу савдо интеграцияси ва тўғридан-тўғри хорижий инвестициялардан (ТХИ) фойдани оширишда катта фойдаланилмаган салоҳият мавжудлигини кўрсатади», — дейилади ҳисоботда.

Ҳисоботда ЕМО мамлакатлари ўз иқтисодий ва ишлаб чиқариш салоҳиятини очиш учун савдо, инвестициялар, рақамлаштириш, самарадорлик ва ишчилар малакасини ривожлантириш (TIDES) соҳаларидаги ислоҳотларни тезлаштириши кераклиги таъкидланган.