
Европа Иттифоқи 2025 йил 20 май куни Башар Асад режимининг қулашидан сўнг мамлакатга тикланишига ёрдам бериш мақсадида Сурияга қарши иқтисодий санкцияларни бекор қилиш тўғрисидаги қарорини эълон қилди. Бу ҳақда ЕИ Кенгашининг баёнотида айтилади.
Баёнотда таъкидланишича, ЕИ Сурияга ўтиш даврида қўллаб-қувватлаш учун босқичма-босқич ёндашув стратегиясини қабул қилган. Хусусан, февраль ойида ЕИ ўзининг баъзи иқтисодий санкцияларини тўхтатган эди.
“Энди Сурия халқи бирлашиб, зарарли хорижий аралашувдан холи, янги, инклюзив, плюралистик ва тинч Сурияни қуриш вақти келди”, дейилади баёнотда.
Асад режимига қарши санкциялар ва Сурия ҳукуматига қурол ёки тинч аҳолига қарши репрессиялар учун ишлатилиши мумкин бўлган асбоб-ускуналарни сотишни тақиқловчи чоралар ўз кучида қолади.
ЕИ, шунингдек, инсон ҳуқуқларини бузувчиларга ва “Сурияда беқарорликни келтириб чиқарувчиларга” қарши қўшимча санкциялар киритади.
ЕИ дипломатияси раҳбари Кая Каллас Сурияга қарши санкцияларни бекор қилиш қароридан олдин “жуда кескин мунозаралар” бўлганини айтди. “Сурия ҳукумати тўғри йўналишда ҳаракат қиляптими, деган хавотирлар бор. Лекин менимча, бизда бошқа танлов йўқ. Биз… ё уларга мамлакатни барқарорлаштириш имкониятини берамиз, ё бермаймиз”, деди у.
2025 йил май ойи ўрталарида АҚШ президенти Доналд Трамп Сурияга қарши санкцияларни бекор қилишини эълон қилди ва Ар-Риёдда унинг вақтинчалик президенти Аҳмад аш-Шараа билан учрашди. Учрашувда Туркия президенти Режеп Таййип Эрдўғон ва Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон ҳам иштирок этишди. Трамп аш-Шараага “ўз мамлакатида тарихий иш қилиш учун улкан имконият борлигини” айтди ва бошқа нарсалар қатори унга Исроил билан “Иброҳим келишувлари”ни имзолашни ва АҚШга ИШИДнинг қайта тикланишини олдини олишда ёрдам беришни тавсия қилди. Сурия президенти, ўз навбатида, Америка компанияларини Сурия нефть ва газига сармоя киритишга таклиф қилди.
Башар Асад режими 2024 йил декабрь ойи бошида аш-Шараа бошчилигидаги “Ҳаят Таҳрир аш-Шом” исёнчи гуруҳининг ҳужуми натижасида ағдарилди. Асад оиласи билан мамлакатдан қочиб, Россияда бошпана топди. Аш-Шараа 2025 йил январь ойида ўтиш даври учун Сурия президенти деб эълон қилинди.