Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи КШҲТБни имзолаш орқали виза режимини соддалаштириш бўйича музокаралар имкониятини очди

Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи Президент Шавкат Мирзиёевнинг Европа Кенгаши раҳбари Антониу Кошта ва Европа Комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен билан учрашуви якунлари бўйича Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим (КШҲТБ) имзоланиши муносабати билан қўшма баёнот қабул қилди.

Баёнотда янги битим ЕИ ва Ўзбекистон ўртасидаги кўп йиллик мулоқот, ишонч ва барқарор тараққиётга асосланган «стратегик шерикликни ривожлантиришда муҳим босқич» бўлгани таъкидланади. У сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш, савдони диверсификация қилиш, барқарор ривожланиш ва минтақавий интеграцияга қаратилган.

Халқаро ҳуқуққа содиқлик

Томонлар 2025 йил 4 апрель куни Самарқандда бўлиб ўтган «Марказий Осиё — ЕИ» саммити декларацияси қоидаларига содиқликларини тасдиқладилар.

Ҳужжатда халқаро ҳуқуққа, жумладан, БМТ Низоми, барча давлатларнинг халқаро тан олинган чегаралари доирасидаги мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига ҳурмат билан қараш таъкидланади.

Баёнотда қайд этилишича, бу тамойиллар Ўзбекистон ва Европа Иттифоқининг халқаро ва минтақавий форматларда тинчлик, ўзаро ҳурмат ва глобал муаммоларни ҳал қилишда кўп томонлама ёндашувни қўллаб-қувватлаш учун ўзаро ҳамкорлигига асос бўлади.

Минтақавий интеграция

Ўзбекистон ва ЕИ Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги муносабатларни стратегик шериклик даражасига ўтказиш тўғрисидаги қарорни, шунингдек, апрель саммитида эришилган келишувларни юқори баҳолади.

Бундай келишувлар орасида 2025 йилда Тошкентда Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи иқтисодий форуми ҳамда Транскаспий транспорт коридори ва ўзаро боғлиқлик бўйича Инвесторлар форумини ўтказиш бор.

Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувларининг аҳамияти алоҳида қайд этилган, бу учрашувлар томонларнинг фикрича, минтақавий бирдамликни мустаҳкамлашга, ҳамкорликни кенгайтиришга ва минтақанинг Европа Иттифоқи билан алоқаларини ривожлантиришга ёрдам беради.

Хавфсизлик, рақамлаштириш ва савдо

Баёнотда КШҲТБ киберхавфсизлик, терроризмга қарши курашиш, чегараларни ҳимоя қилиш ва гибрид таҳдидларнинг олдини олиш соҳаларида ҳамкорлик учун янги имкониятлар очиши қайд этилади.

ЕИ ва Ўзбекистон, шунингдек, рақамли ва барқарор транспорт ўзаро боғлиқлиги, шунингдек, ўта муҳим хомашё соҳасида шерикликни ривожлантириш ниятини тасдиқладилар.

Ҳужжат савдо ва инвестицияларни кенгайтириш ва диверсификация қилиш, иқтисодий ўсишни рағбатлантириш ва барқарорликни ошириш чораларини назарда тутади.

Томонлар Ўзбекистоннинг ишчи кучи мобиллигини ошириш бўйича қадамларини қайд этдилар. Бундан ташқари, КШҲТБ шароитлар имкон берса, томонлар реадмиссия ва виза режимини соддалаштириш тўғрисидаги келишув бўйича музокараларни кўриб чиқишлари мумкинлигини назарда тутади.

Иқлим, Орол ва барқарор ривожланиш

Ўзбекистон ва ЕИ иқлим ўзгаришига қарши биргаликда курашишга ва Париж келишуви бўйича мажбуриятларни бажаришга тайёр эканликларини тасдиқладилар. Европа Иттифоқи Ўзбекистоннинг Глобал метан ташаббусига (Global Methane Pledge) қўшилиш қарорини олқишлади.

Томонларнинг сув-энергетика ҳамкорлиги, табиий ресурсларни ҳимоя қилиш ва Орол денгизи минтақаси экотизимларини тиклаш соҳасида инновацион лойиҳаларни ривожлантириш нияти алоҳида қайд этилган. Ҳужжатда қайд этилишича, бу ташаббуслар Ўзбекистоннинг ЕИ билан биргаликда экологик барқарорликни мустаҳкамлаш ва «узоқ муддатли фаровонликни» таъминлашдаги умумий қатъиятини акс эттиради.

Ислоҳотлар ва фуқаролик жамиятини қўллаб-қувватлаш

Қўшма баёнотда томонлар Ўзбекистонда давом этаётган ислоҳотлар дастури умумий устуворлик эканини тан олдилар. Қонун устуворлиги, инсон ҳуқуқлари ва самарали давлат бошқарувини мустаҳкамлашга, шунингдек, фуқаролик жамияти ва эркин оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилган.

ЕИ миллий ислоҳотларга, жумладан, меҳнат ҳуқуқлари, таълим ва гендер тенглиги соҳаларида ёрдам кўрсатишни давом эттиришга тайёрлигини тасдиқлади. ЕИ-Ўзбекистон Фуқаролик жамияти форуми орқали фуқаролар ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқаларни, ёшлар алмашинувини ва маданий мулоқотни ривожлантириш режалаштирилган.

ЖСТга аъзо бўлишни қўллаб-қувватлаш

Европа Иттифоқи Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишга тайёргарлик доирасида ЕИ ва Ўзбекистон ўртасида хизматлар ва товарлар бозорларига кириш бўйича музокаралар якунланганини олқишлади.

Қайд этилишича, бу қадам Европа Иттифоқининг Ўзбекистоннинг ЖСТга кириш жараёнини ва амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларни сиёсий қўллаб-қувватлашини, шунингдек, иккала томоннинг ҳам «кўп томонлама савдо тизимига, унинг марказида ЖСТ туришига» содиқлигини таъкидлайди.