
«Президент арчаси» янги йил акцияси доирасида етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар учун номига очилган депозит ҳисобрақамлари очилди, деб хабар берди Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги матбуот хизмати.
0 ёшдан 17 ёшгача бўлган 8000 дан ортиқ боланинг ҳар бири учун давлат ҳисобрақамларига 500 доллардан маблағ жойлаштирди. Маблағлар капитализация ҳисобига тўпланиб боради ва бола 18 ёшга тўлганидан кейин — катта ҳаётдаги илк мустақил харажатлари ва режалари учун ишлатилиши мумкин бўлади.
Шу билан бирга, 9 ёшдан ошган болаларга ва уларнинг қонуний вакилларига ижтимоий карталар берилди. Улар давлат кўмагидан фойдаланишда қулайлик, хавфсизлик ва шаффофликни таъминлашга хизмат қилади, дейилади хабарда.
Карта ёрдамида жамоат транспортидан имтиёзли фойдаланиш, харидлар ва хизматлар учун тўлов қилиш, шахсни ва ижтимоий ёрдам олиш ҳуқуқини тасдиқлаш мумкин. Барча амалиётларни Baraka мобил иловаси орқали назорат қилиш имконияти мавжуд.
Қўллаб-қувватлаш чоралари давлат эътиборига айниқса муҳтож бўлган болаларга қаратилган. Улар жумласига қуйидагилар киради:
- етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар;
- Меҳрибонлик уйлари, оилавий ва кичик болалар уйлари, шунингдек, SOS болалар маҳаллалари тарбияланувчилари;
- мамлакат сарҳадларини ҳимоя қилиш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари;
- «Таскин» хосписи ҳузуридаги болалар онкологик шифохонасида даволанаётган болалар.
«Таскин» хосписида даволанаётган болалар учун алоҳида тартиб кўзда тутилган: зарурат туғилганда, депозитлардаги маблағлар қонуний вакилларнинг сўровига кўра банк картасига ўтказилиши мумкин.

