Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 09/03/2026

Ер ва фойда солиқлари бекор қилинади. Президент Ўзбекистонда фармсоҳани қўллаб-қувватлаш бўйича янги чораларни эълон қилди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2026 йил 5 март куни бўлиб ўтган йиғилишда фармацевтикани ривожлантириш соҳасида айрим ҳокимлар фаолиятини танқид қилди.

Очиқланган маълумотларга кўра, республика бўйлаб 136 гектар майдонда 5 та фармацевтика зонаси ташкил этилиб, инфратузилма масалалари ҳал қилинган. Бироқ, йиғилишда таъкидланганидек, айрим вилоят ҳокимлари ва уларнинг инвестициялар бўйича ўринбосарлари фармацевтика лойиҳаларини амалда эътиборсиз қолдирган.

Хусусан, Жиззахдаги 25 гектарли фармацевтика зонасида 2025 йили бирорта ҳам дори воситаси ишлаб чиқарилмаган. Бўстонлиқ фармзонасидаги 14 гектар ер эса 2017 йилдан бери бўш турибди.

2025 йили Жиззах ва Самарқанд вилоятларида бирорта ҳам лойиҳа ишга туширилмагани қайд этилди. Бухоро вилоятида атиги 200 минг долларлик битта, Хоразм вилоятида эса 2 млн долларлик битта лойиҳа амалга оширилган.

Президент ҳокимлар нафақат янги лойиҳалар сонини кўпайтирмаётгани, балки мавжуд қувватлардан ҳам самарали фойдалана олмаяётганини кўрсатиб ўтди. 2025 йили Республика бўйича 96 та корхонанинг айланмаси 312 млрд сўмга камайган.

Соҳа учун янги солиқ имтиёзлари

Тадбиркорлар фармацевтика зоналарида амал қилувчи солиқ имтиёзларини бошқа корхоналарга ҳам татбиқ этишни сўраб мурожаат қилишган, чунки бундай зоналар ҳамма ҳудудларда ҳам мавжуд эмас. Шавкат Мирзиёев ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлади ва янги қўллаб-қувватлаш чораларини эълон қилди.

2026 йил 1 апрелдан бошлаб фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқариш, шунингдек, доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаш лойиҳалари қаерда жойлашганидан қатъи назар, 3 йил муддатга ер солиғидан озод қилинади.

Бундан ташқари, тадбиркорлар лойиҳа ишга тушгандан кейин 3 йил давомида фойда солиғи ва мол-мулк солиғидан озод этилади.

Шунингдек:

  • биологик фаол қўшимчалар (БФҚ) ва косметика ишлаб чиқарувчилар хомашё, асбоб-ускуналар, эҳтиёт қисмлар ва бутловчи буюмлар импорти учун божхона божларидан озод қилинади;
  • фармацевтика корхоналарига ўз ишлаб чиқариш линияларида БФҚ ишлаб чиқаришга рухсат берилади.

Бундан буён ҳар йили 1 июлга қадар тадбиркорларга ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш тавсия этиладиган дори воситалари ва тиббий буюмлар рўйхати эълон қилиб борилади.

Ушбу рўйхатдаги препаратларни ишлаб чиқариш бўйича лойиҳаларни амалга оширишни хоҳловчи тадбиркорлар йиллик 7 фоиз ставкада хорижий валютада кредитлар олишлари мумкин бўлади.

Бундан ташқари, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни маҳаллийлаштиришни чуқурлаштиришни режалаштирган корхоналар Саноат кооперацияси жамғармасидан 10 йил муддатгача кредитлар олиши мумкин:

  • хорижий валютада йиллик 6 фоиз,
  • миллий валютада йиллик 12 фоиз ставкада.

Режа — 1 млрд долларлик лойиҳалар

Давлат раҳбари 1 млрд долларлик янги фармацевтика лойиҳаларини шакллантириш ва ишга тушириш бўйича топшириқ берди.

Шу билан бирга, вилоят ҳокимликлари соҳада умумий қиймати 2,5 млрд долларлик лойиҳалар бўйича таклифлар тайёрлаган. Уларнинг амалга оширилиши йилига 1 млрд долларлик импорт ўрнини босувчи дори воситалари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш имконини беради.

Хусусан, Андижон вилоятида 203 млн долларлик 16 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. Улардан бири — қон плазмасидан инсон албумини ишлаб чиқаришни кўзда тутувчи 30 млн долларлик лойиҳа бўлиб, бу Ўзбекистондаги илк бундай ишлаб чиқариш бўлади.

Сирдарё вилоятида жорий йилда 188 млн долларлик лойиҳани ишга тушириш ва Афғонистонга 50 млн долларлик дори воситалари экспортини йўлга қўйиш мўлжалланмоқда.

Шу билан бирга, Навоий, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари ҳокимлари томонидан таклиф этилаётган лойиҳалар ҳатто 100 млн долларга ҳам етмаслиги қайд этилди.

Президент тақдим этилган лойиҳаларнинг иқтисодий самарадорлигини ўрганиш ва уларни амалга ошириш чораларини кўришни топширди.

Бундан ташқари, мутасаддиларга паст қувватда ишлаётган ёки банклар балансига ўтказилган корхоналарни соғломлаштириш дастурини бошлаш вазифаси қўйилди.

Божхона қўмитаси раиси Акмалхўжа Мавлонов январда «импортни инвестицияга айлантириш» ва препаратлар сифати назоратини кучайтириш зарурлигини маълум қилган эди. 2025 йилда фармацевтикада айланма ҳажми 2 млрд долларни ташкил этди, бу 2024 йилга нисбатан 18 фоизга (тахминан 300 млн доллар) кўп. Экспорт ҳажми 32 млн долларга етди.

Унинг сўзларига кўра, ўтган йили 803 млн долларлик (40%) препаратлар мамлакатга 25 дан 45 даражагача иссиқ ҳароратда, яъни ташиш шартларини бузган ҳолда олиб кирилган.

Шавкат Мирзиёев йиғилишда ички бозорда маҳаллий дори воситалари улушини 2030 йилгача 70 фоизга етказиш, шунингдек, яқин беш йил ичида экспортни 1 млрд долларгача ошириш вазифасини қўйди.