
Сурхондарё вилоятининг Денов туманида енгил юк автомобиллари ишлаб чиқариш бошланди, дея хабар берди вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.
Корхона “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси ва вилоят ҳокимлиги кўмагида ташкил этилган. Умумий қиймати 30 млн доллар бўлиб, йиллик қуввати 5000 донани ташкил этади. Лойиҳа доирасида 150 та янги иш ўрни яратилди.
“Корхонада ишлаб чиқарилаётган арзон ва сифатли енгил юк машиналари учун асосий бутловчи қисмларнинг маҳаллий ишлаб чиқарилиши аҳолини ҳамёнбоп ва ишончли транспорт воситалари билан таъминлаш имконини беради”, — дейилади хабарда.
Лойиҳанинг кейинги босқичида енгил юк электромобиллари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш кутилмоқда.
2025 йил май ойида Хитойнинг Dongfeng Liuzhou Motor компанияси (Dongfeng Motor Group`нинг шўъба корхонаси) Сурхондарё вилоятида автомобиль заводи қуришни таклиф қилган эди. Компания бир нечта электр микроавтобус, мини-юк машинаси ва кўп мақсадли транспорт воситалари моделларини тақдим этди. Томонлар лойиҳанинг техник-иқтисодий асосларини чуқур ўрганиш учун мутахассислар иштирокида икки томонлама музокаралар ўтказишга келишиб олдилар.

