
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2025 йил 13 август куни бўлиб ўтган йиғилишда тўқимачилик, чарм-пойабзал ва ипак саноати учун масъул бўладиган Енгил саноатни ривожлантириш агентлиги ташкил этилишини эълон қилди.
Унинг сўзларига кўра, жаҳон савдоси қоидаларидаги давомли ўзгаришлар ва логистикадаги узилишлар шароитида тўқимачилик саноатини ривожлантириш учун алоҳида ёндашувлар талаб этилади.
Агентликка инвестициялар, саноат ва савдо вазирининг биринчи ўринбосари Нозимжон Холмуродов раҳбарлик қилади. Агентлик ҳузурида тажрибали тадбиркорлардан иборат кенгаш ташкил этилади.
Муассаса ўз фондига эга бўлади, у орқали тўқимачилик корхоналари давлат томонидан қўллаб-қувватланади ва имтиёзли айланма маблағлар олади. Фондни шакллантириш учун 200 млн доллар ажратилади.
Агентликка кенгаш билан биргаликда тадбиркорлар билан мулоқот олиб бориш, таннарх, ишлаб чиқариш ва экспорт бўйича қарорлар ишлаб чиқиш, «божхона ҳудудида қайта ишлаш» режими ҳисобига тайёр маҳсулот экспортини икки баравар ошириш, шунингдек, кооперацияни кучайтириш ва қуввати паст бўлган корхоналар фаолиятини соғломлаштириш топширилди.
Президент халқаро маслаҳатчилар билан биргаликда тўқимачилик саноатини 2030 йилгача ривожлантириш дастурини тайёрлаш, шунингдек, чарм, ипак ва гилам саноатини ривожлантириш бўйича таклифлар киритиш вазифасини қўйди.

