
Ўзбекистоннинг 11 ёшли вакиласи Ясмина Ҳусниддинова дунёдаги энг машҳур истеъдодлар шоуларидан бири — Britain’s Got Talent (BGT) лойиҳасининг 19-мавсуми кастингида иштирок этди. Унинг чиқиши акс этган видео 24 март куни лойиҳанинг расмий YouTube-каналидаги «BGT Unseen» рукнида эълон қилинди.
Бу ITV2 телеканали ва ITVX платформасида асосий кўрсатувдан сўнг эфирга чиқадиган расмий спин-офф шоу. Ушбу форматга ҳакамлар томонидан юқори баҳоланган, бироқ вақт чеклови сабабли асосий телеефирга сиғмай қолган тўлиқ чиқишлар киритилади.
Саҳнага чиққан Ясмина ҳакамлар ҳайъатига ўзини қисқача таништириб, Буюк Британияга оиласи билан бирга Ўзбекистондан келганини айтди. У британ саҳнасидаги дебюти учун «Энг буюк шоумен» фильмидаги «Never Enough» композициясини танлади.
Ёш хонанданинг ижроси ҳам томошабинлар, ҳам ҳакамларнинг ҳайратланишига сабаб бўлди. Ҳайъат аъзолари бундай ёш учун хос бўлмаган вокал техникасини алоҳида қайд этдилар.
«Овознинг кучи ва назорати шунчаки ҳайратланарли эди. Табриклайман!», — дея изоҳ берди ҳакам Аманда Холден.
Унинг ҳамкасби Алиша Диксон ижро динамикасига эътибор қаратди: «Сен паст ва ҳақиқатан ҳам кучли қисмлар ўртасида яратган контраст менга жуда ёқди. Бу жуда ақилли қарор бўлди, чунки бошида ҳаммаси жуда нафис эди, кейин эса овозингни шундай гўзал тарзда жаранглатдингки, қўшиқ охирида худди „учаётгандек“ эдинг».
Ҳакамлар ҳайъатининг бошқа аъзолари, жумладан KSI ҳам Ясминанинг мураккаб юқори ноталарни узоқ вақт ушлаб тура олиш қобилиятига қойил қолдилар. Натижада мактаб ўқувчиси тўртта «ҳа» жавобини олди.
Ўзбекистоннинг Лондондаги элчихонаси Ясмина Britain’s Got Talent шоусида чиқиш қилган илк ўзбекистонлик иштирокчи бўлганини маълум қилиб, ватандошларни уни қўллаб-қувватлашга чақирди.
Ясмина Ҳусниддинова учун бу катта саҳнадаги илк муваффақият эмас. 2024 йилда у «Ovoz Bolalar» лойиҳаси биринчи мавсумининг энг ёрқин юлдузларидан бирига айланган эди. Устози DJ Pilgrim жамоасида иштирок этган Ясмина лойиҳа финалида учинчи ўринни эгаллаган. Шунингдек, тошкентлик мактаб ўқувчиси Италиядаги Sanremo Junior 2025 танловида Гран-при соҳибаси бўлган эди.
Эндиликда ўзбекистонлик истеъдод эгаси бутун дунё бўйлаб миллионлаб томошабинлар кузатиб борадиган британ шоусининг бош соврини учун курашни давом эттиради.