
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2025 йил 19 ноябрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида иш ўринларини легаллаштириш ва бандликнинг сезиларли қисмини «яширин иқтисодиётдан» чиқариш зарурати масаласини кўтарди.
Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари ва солиқ инспекторлари фаол тушунтириш ишларини олиб бориши ҳамда бандлик масалаларига манзилли ёндашиши, 2026 йилда камида 250 минг нафар ходимни легаллаштиришни таъминлаши керак.
У яқинда имзоланган ижтимоий суғурта тўғрисидаги фармонни эслатиб ўтди, унга кўра давлат хусусий сектор ходимлари учун касаллик ва декрет нафақаларини тўлашни ўз зиммасига олади. Президент бу расмий меҳнатга ўтиш учун «муҳим механизм ва жиддий рағбат» бўлишини таъкидлади.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва вилоят ҳокимларига янги тизимнинг самарали жорий этилишини таъминлаш, келаси йилда 100 минг ва 2027 йилда яна 200 минг иш ўрнини «яширин иқтисодиётдан» чиқариш топширилди.
2026 йилдан бошлаб мамлакатда нафақат бюджет соҳаси, балки хусусий сектор ходимларини ҳам қамраб олувчи янги ижтимоий суғурта тизими амал қила бошлайди. Хусусий сектордаги аёллар ҳомиладорлик ва туғиш нафақаларини, барча расмий ишга жойлашганлар эса вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик бўйича тўловларни олишлари мумкин.
Президентнинг 2025 йил 4 августдаги фармонига кўра, Ўзбекистонда норасмий бандликка йўл қўйган иш берувчиларни маъмурий жавобгарликка тортиш, уларга 30 БҲМ (12,36 млн сўм) миқдорида, такрорий бузилишда эса 100 БҲМ (41,2 млн сўм) миқдорида жарима солиш режалаштирилмоқда. Бандлик вазирлиги бу чора меҳнат муносабатларини легаллаштириш ва ишчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилганлигини маълум қилди.
2025 йилнинг август ҳолатига кўра, мамлакатдаги 14,213 миллион банд фуқаронинг (меҳнатга лаёқатли ёшдаги аҳолининг 94%) 5,5 миллион кишиси (38,8%) норасмий секторда ишлайди. Уларнинг қарийб 88,6% қуйидаги соҳаларга тўғри келади:
- қурилиш — 147 009 (2,7%);
- умумий овқатланиш — 133 665 (2,4%);
- қишлоқ хўжалиги — 3 120 851 (56,6%);
- хизматлар соҳаси — 1 478 408 (26,8%).

