2025 йил 1 июлдан бошлаб Ўзбекистонда энергия сервис компаниялари (ЭСКО) лойиҳаларини молиялаштириш учун кредитлар ажратиш бошланади. Бу кредитлар Миллий энергия самарадорлиги агентлиги томонидан банкларга жойлаштирилган ресурслар ҳисобига молиялаштирилади. Бу ҳақида 27 март кунидаги президент фармонида айтилган.
Шунингдек, аҳолига «яшил таъмирлаш» ўтказиш учун берилган кредитлар бўйича фоиз ставкасига компенсация ажратиш назарда тутилган. Компенсация 19% дан юқори бўлган фоизнинг 4 фоиз пунктдан ошмайдиган қисмини қоплайди.
Бугунги кунда Ўзбекистон ипотекани қайта молиялаштириш компанияси (ЎзКРИ) ҳамкор банклар билан биргаликда «Яшил реновация» ипотека маҳсулотини таклиф этмоқда. Дастур аҳолининг ҳаёт шароитлари ва қулайлигини яхшилаш учун энергия самарадорлигига оид таъмирлаш ишларини молиялаштиришга қўллаб-қувватлашни кўзда тутади. Энергия самарадорлигини ошириш натижасида электр энергияси ва газ харажатлари камайиши, шунингдек, СО2 чиқиндиларини қисқартириш кутилмоқда. Кредит 170 миллион сўмгача бўлган миқдорда ва 10 йилгача муддатга ажратилади.
Қўллаб-қувватланадиган чора-тадбирлар қаторига ойна, девор ва эшикларни алмаштириш ва изоляция қилиш, қозонхоналарни янгилаш ҳамда маиший фотоэлектр тизимларини ўрнатиш киради. Кредит ажратишдан олдин режалаштирилган таъмирлашнинг мослиги ва кутилаётган энергия тежамкорлиги ҳамда чиқиндиларни қисқартириш ҳисоб-китоби ўтказилади.
Бундан ташқари, фармон доирасида 2026 йил 1 январдан бошлаб энергия самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари учун бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчилар харажатлар сметасининг тўртинчи гуруҳи бўйича камида 5% ҳамда уларнинг бюджетдан ташқари маблағларининг камида 15% йўналтирилиши режалаштирилган.
Шунингдек, аҳоли ва бизнеснинг энергия сервис соҳасида хизмат ва молиялаштиришни таъминлайдиган ташкилотлар билан ўзаро алоқасини йўлга қўйиш, шунингдек, энергия самарадор технологиялар ва молиялаштириш имкониятлари бўйича амалий ёрдам кўрсатиш учун электрон платформа (маркетплейс) ишга туширилиши режалаштирилган. Платформа доирасида колл-марказлар, мобил иловалар ва қўлланмалар фаолият юритади.
Шунингдек, мазкур фармон доирасида 1 июлдан бошлаб агентлик томонидан аҳолига қуёш панеллари, сув иситгичлар ва иссиқлик насослари нархининг бир қисмини қоплаш учун 18,75 миллион сўмгача субсидия ажратиш бошланади.
Субсидия ва кредитлар агентликнинг ягона реестрига киритилган энергия аудиторларининг хулосаси асосида ажратилади.
Аҳолига банклар томонидан ажратиладиган «яшил таъмирлаш» кредитлари «Яшил таъмирлаш» платформасида Ўзбекистон ипотекани қайта молиялаштириш компанияси томонидан шакллантириладиган «Яшил лойиҳа» сертификати асосида расмийлаштирилади. Ушбу кредитлар халқаро молиявий институтлар, бюджет маблағлари, капитал бозори ресурслари ёки бошқа манбалар ҳисобидан алоҳида ёки аралаш шаклда молиялаштирилади.
«Яшил таъмирлаш» кредитларининг фоиз ставкасини қайта кўриб чиқиш ваколати Вазирлар Маҳкамасига берилган.
ЭСКО-механизми нима?
ЭСКО (Energy Service Company — энергия сервис компанияси) — бу махсус компаниялар томонидан корхоналар, муассасалар ва ҳатто оддий уй хўжаликларининг энергия сарфини камайтириш учун энергия самарадор технологияларни жорий қилиш модели.
ЭСКО-компания мижоз томонидан дастлабки харажатларсиз энергия самарадор ускуналарни (масалан, замонавий қозонхоналар, биноларни изоляция қилиш, қуёш панеллари ва ҳ.к.) ўрнатиб беради. Янгиланган тизимлардан олинган иқтисодий тежамкорлик мазкур лойиҳа харажатларини қоплайди ва мижоз бу тежамкорлик ҳисобига тўловни амалга оширади.
Мисол: Мактаб йилига шартли равишда 10 миллион сўм иситишга харажат қилади. ЭСКО-компания замонавий иситиш тизимини ўрнатади ва харажатлар 6 миллион сўмгача камаяди. Ҳосил бўлган 4 миллион сўмлик фарқ ЭСКО-компанияга тўланади. 5 йилдан кейин ускуналар тўлиқ ўз қийматини қоплагач, мактаб ушбу 4 миллион сўмни ўз эҳтиёжлари учун тежай бошлайди.