Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 18/12/2025

Жаҳон банки Ўзбекистоннинг 16 та туман ва шаҳрида яшаш шароитларини яхшилаш учун 250 млн доллар ажратди

Жаҳон банки Ўзбекистон учун 250 млн доллар миқдоридаги молиялаштириш пакетини тасдиқлади. Маблағлар муниципал инфратузилма ва хизматларни ривожлантиришга йўналтирилади, деб хабар берди Жаҳон банки матбуот хизмати.

«Шаҳарларда яшаш учун қулай шароитлар яратиш ва маҳсулдорликни ошириш» (Livable and Productive Cities Program, LPCP) дастури мамлакатнинг 16 та туман ва шаҳрини қамраб олади.

Пресс-релизда таъкидланишича, Ўзбекистоннинг 37 миллион аҳолисидан ярмидан кўпи шаҳарларда истиқомат қилади. 2050 йилга бориб бу кўрсаткич 60 фоиздан ошиши кутилмоқда.

«Жадал урбанизация шаҳарсозликни режалаштириш ва бошқариш тизимини, инфратузилма ва муниципал хизматларни, жумладан жамоат транспорти ва чиқиндиларни бошқариш хизматларини такомиллаштиришни талаб этади, — дейилади хабарда. — Шу билан бирга, шаҳарларнинг назоратсиз кенгайиши, эскирган коммунал ва ижтимоий инфратузилма, шунингдек, аҳолининг сув ва канализация хизматлари, йўллар ва жамоат жойларидан фойдаланиш имкониятлари чеклангани фуқароларнинг ҳаёт сифати ва бизнес маҳсулдорлигини пасайтиради. Бу муаммолар зилзилалар, ҳаддан ташқари иссиқлик ва шаҳарлардаги сув тошқинлари каби табиий-иқлимий фавқулодда вазиятлар билан янада мураккаблашади».

Ушбу вазифаларни ҳал этиш учун Ўзбекистон ҳукумати 2025 йилда ҳудудларни жадал комплекс ривожлантириш дастурини ишга туширди. Ушбу давлат дастури жами 3,6 миллион аҳоли истиқомат қиладиган 16 та стратегик муҳим туман ва шаҳарда инфратузилмавий ва иқтисодий ривожланишни қўллаб-қувватлашга қаратилган.

Жаҳон банки томонидан молиялаштириладиган LPCP дастури давлат дастурида кўзда тутилган тадбирлар амалга оширилишини қўллаб-қувватлайди ва мамлакатнинг 13 та ҳудудида инфратузилмани ривожлантиришга ёрдам беради.

Улар қаторига Янгийўл ва Марғилон шаҳарлари, шунингдек, республика бўйлаб 14 та туман, жумладан Қўнғирот, Чимбой, Асака, Ғиждувон, Ғаллаорол, Яккабоғ, Хатирчи, Чортоқ, Булунғур, Сирдарё, Денов, Қува, Шовот ва Ҳазорасп туманлари киради.

LPCP дастури Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан иштирокчи вилоятлар, туманлар ва шаҳарлардаги маҳаллий ҳокимият органлари билан мувофиқлаштирилган ҳолда амалга оширилади. У қуйидаги мақсадларга эришишга қаратилган:

Аҳоли ва бизнеснинг муниципал инфратузилма ва хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш. Бу ижтимоий, коммунал, транспорт, савдо, ишбилармонлик, туристик инфратузилма ва жамоат жойларини ривожлантиришга инвестициялар киритиш орқали амалга оширилади. Буларга тиббиёт ва мактабгача таълим муассасалари, мактаблар, сув таъминоти ва канализация тизимлари, жамоат ҳожатхоналари, йўллар, пиёдалар йўлаклари, бозорлар, парклар, шаҳар тошқинларидан ҳимоя қилиш объектлари, шунингдек, тегишли туман ва шаҳарларда талаб юқори бўлган бошқа инфратузилмалар киради. Шу билан бирга, LPCP дастури доирасида амалга оширилиши ерларни олиб қўйиш ёки фуқароларни мажбурий кўчиришга олиб келиши мумкин бўлган инфратузилма лойиҳалари молиялаштирилмайди.

Маҳаллий ҳокимият органларининг ҳудудларни ривожлантириш бўйича бош режалар ва инвестиция режаларини тайёрлаш ҳамда амалга ошириш салоҳиятини мустаҳкамлаш. Бу фуқароларнинг яшаши, бизнесни ривожлантириш, маҳаллий иқтисодиётнинг ўсиши учун қулай шароитлар яратишга, шунингдек, табиий-иқлимий фавқулодда вазиятларга тайёргарликни оширишга қаратилган.

Ҳудудларни ривожлантириш бўйича инвестиция режаларини фуқаролар ва бизнеснинг бевосита иштирокида ишлаб чиқиш. Бундан кўзланган мақсад — истиқболли муниципал объектлар ва хизматлар уларнинг эҳтиёжларига, шу жумладан аёлларнинг эҳтиёжларига жавоб беришини таъминлаш, шунингдек, маҳаллий иқтисодиётнинг ўсиши ва янги иш ўринлари яратилишига кўмаклашиш.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги LPCP дастурида иштирок этувчи маҳаллий ҳокимият органларига ҳар йили маблағ ажратади. Бунинг учун улар самарадорлик кўрсаткичларига, жумладан ҳудудий режалаштириш сифати, капитал харажатларни бошқариш ва инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишга эришишлари керак.

«Шундай қилиб, LPCP дастури мамлакатда маҳаллий ҳокимият органларини қўллаб-қувватлаш ҳажми уларнинг фаолияти натижадорлигига бевосита боғлиқ бўлган биринчи молиявий моделга айланади», — деб баёнот берди Жаҳон банки.

2030 йилга келиб LPCP дастури туфайли қарийб 1 миллион кишининг яшаш шароитларини бевосита яхшилаш режалаштирилган бўлиб, уларнинг ярмини аёллар ташкил этади.

Хусусан, дастур 300 минг киши учун транспорт хизматларидан фойдаланиш имкониятини яхшилаш, шунингдек, 400 минг аҳоли учун жамоат жойлари ва паркларни ривожлантиришни таъминлайди. Дастур доирасида инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш қурилиш соҳасида 10 мингга яқин вақтинчалик иш ўринларини яратиш имконини беради.