Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 05/03/2026

Яқин Шарқдаги уруш Ўзбекистон иқтисодиётига қандай таъсир қилиши мумкин

Сўнгги кунларда Яқин Шарқдаги геосиёсий кескинлик очиқ урушга айланиб кетди. Можаронинг авж олиши аллақачон жаҳон бозорларига ўз таъсирини кўрсатди. Ўзбекистон иқтисодиёти ушбу воқеаларга қанчалик таъсирчан? Иқтисодчи, Жанубий Кореянинг Чонбук миллий университети «Халқаро савдо» йўналиши магистри, Mirkonomika Telegram-канали муаллифи Миркомил Холбоев ўз баҳосини тақдим этди.

Асосий омил — можаронинг давомийлиги

Миркомил Холбоевнинг сўзларига кўра, кўп нарса можаронинг қисқа муддатли ёки узоқ давом этувчи бўлишига боғлиқ. Агар томонлар яқин орада аввалги «статус-кво»га қайтса, Ўзбекистон иқтисодиётига таъсири чекланган ва қисқа муддатли бўлади. Можаро узоққа чўзилган тақдирда эса салбий эффект кучайиши мумкин.

Тўғридан-тўғри таъсир

2025 йилда Ўзбекистоннинг Эронга экспорти 157 млн долларни (умумий экспортнинг 0,5 фоизи), импорти эса 421 млн долларни (умумий импортнинг 0,9 фоизи) ташкил этган. Исроил билан савдо алоқалари бундан ҳам камроқ: экспорт — 33 млн доллар, импорт — 22 млн доллар.

Иқтисодчининг баҳосига кўра, ҳатто ушбу мамлакатлар билан савдонинг тўлиқ тўхташи ҳам умумий экспорт ҳажмига критик таъсир кўрсатмайди. Бироқ ташқи савдонинг ўсиш суръатлари секинлашиши мумкин.

Эрон орқали логистика

Эрон портлари Ўзбекистон учун муҳим бўлган логистика хаблари ҳисобланади:

  • Марказий Осиё — Ҳиндистон (Chabahar/INSTC) йўлагида Ўзбекистоннинг улуши — 5,5 фоиз (таққослаш учун: Қозоғистон — 61,1 фоиз, Туркманистон — 29,4 фоиз);
  • Марказий Осиё ва Эрон ўртасидаги юк ташишларда Ўзбекистоннинг улуши — 18,9 фоиз.

Транспорт вазири Илҳом Маҳкамовнинг сўзларига кўра, Ўзбекистоннинг ташқи ташувлари тўққизта халқаро йўлак орқали амалга оширилади. Эрон денгиз портлари орқали ўтувчи жанубий йўлак энг муҳимларидан бири. У орқали экспорт ва импортнинг салмоқли қисми, жумладан, Туркия ва Европадан келадиган юкларнинг 60 фоизгача бўлган қисми ташилади.

Ҳукумат муқобил йўлаклардан фойдаланишни кўриб чиқмоқда. Масалан, Эрон орқали қийинчиликлар юзага келса, юкларни Покистон денгиз портлари орқали йўналтириш мумкин. Туркиядан келадиган маҳсулотлар ўрта йўлак, шунингдек, Гуржистон ва Россия чегараси ҳамда кейинчалик Россия ва Қозоғистон орқали етказиб берилиши мумкин.

Бу шуни англатадики, можаро давом этса, Эрон орқали транзит зарар кўради. Вазиятни Покистон ва Афғонистон ўртасидаги келишмовчилик янада мураккаблаштирмоқда. Бу муҳим логистик йўлнинг тўсилиши товарлар, жумладан, шакар етказиб беришда муаммолар туғдиради. Транспорт харажатларининг ортиши импорт ва экспорт операциялари таннархини оширади, бу эса инфляцияга қўшимча таъсир кўрсатади.

Агар минтақанинг барчаси (шу жумладан Эрон) билан савдо тўлиқ тўхтаса:

  • экспорт тахминан 3 фоизга,
  • импорт 2,5 фоизга қисқариши,
  • ЯИМ ўсиши тахминан 0,6 фоизга пасайиши мумкин.

Нефть: жаҳон иқтисодиёти учун хавф ва билвосита таъсир

Можаро кескинлашганидан кейин нефть нархи тахминан 9 фоизга қимматлашди, чунки жаҳон истеъмолининг қарийб 20 фоизи Ҳурмуз бўғози орқали ўтади. Баҳоларга кўра, нефть нархининг 10 фоизга ошиши жаҳон иқтисодий ўсишини 0,1-0,2 фоиз бандга секинлаштириши мумкин.

Ўзбекистон 2025 йилда 2 млрд долларлик нефть ва нефть маҳсулотларини импорт қилган. Хитой Эрондан 10-13 фоиз атрофида нефть импорт қилади ва Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкорларидан бири. Хитой иқтисодиётининг секинлашиши Ўзбекистон иқтисодиётига ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Шу билан бирга, нефть нархининг кўтарилиши Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкорлари бўлган Россия ва Қозоғистонда иқтисодий шароитларни яхшилаши мумкин. Бу Россиядан пул ўтказмаларининг ўсишини ва ўзбек экспортига бўлган талабнинг ортишини англатиши мумкин. Нефть нархининг ошиши долларни мустаҳкамлайди ва энергия импорт қилувчи мамлакатлар валюталарига босим ўтказади.

Инфляция ва олтин фактори

Миркомил Холбоев етказиб бериш занжиридаги узилишлар инфляцияни тезлаштириши мумкинлигини қайд этади. Инфляцион босим кучайса, Марказий банк асосий ставкани ошириш орқали жавоб қайтариши мумкин.

Бироқ, геосиёсий ноаниқлик олтин нархининг ошишига олиб келади. Олтин — Ўзбекистоннинг асосий экспорт товари. 2025 йилда экспорт 10 млрд долларни (умумий экспортнинг қарийб 30 фоизи) ташкил этган. Олтин экспорти 10 фоизга ошса, ЯИМ ўсиши тахминан 0,7 фоиз бандга тезлашиши мумкин. Шу тариқа, олтин салбий ташқи шокларни қисман қоплаши мумкин.

Эрон билан савдо таркиби

2025 йилда Эрондан асосий импорт товарлари: иссиқлик алмашиш ускуналари (63 млн доллар), этилен полимерлари (42,1 млн доллар), стирол полимерлари (23,2 млн доллар) ҳамда олма ва нок (15,8 млн доллар) бўлган.

Эронга экспортнинг 93,3 фоизи 4 та товарга тўғри келади: пахта ипи (85,4 млн доллар), қуритилган дуккаклилар (15,2 млн доллар), минерал ўғитлар (6,8 млн доллар) ва хом ипак (5,5 млн доллар). Ипак бўйича қарамлик юқори бўлса-да, пахта ипи ва дуккаклилар бўйича Эроннинг улуши критик даражада эмас.