Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш

Ўзбекистонда япон модели асосида махсус иқтисодий зона очилади

Ўзбекистон Японияни нафақат инвестор, балки келажак саноатини барпо этишда стратегик ҳамкор сифатида ҳам кўрмоқда. Бу ҳақда жума куни Токиога расмий ташрифи доирасида Япониянинг етакчи компаниялари, молиявий институтлари ва бизнес бирлашмалари раҳбарлари билан учрашувда президент Шавкат Мирзиёев маълум қилди.

Давлат раҳбари матбуот хизматининг хабар беришича, у Япония бизнесини Ўзбекистон иқтисодиётини модернизация қилиш, саноатлаштиришни жадаллаштириш, илғор технологияларни жорий этиш, маҳсулдорликни ошириш ва экспорт имкониятларини кенгайтириш жараёнларида фаол иштирок этишга таклиф қилган.

Япония ишбилармон доиралари билан ҳамкорликнинг устувор йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланди:

  • энергетик барқарорликни таъминлаш ва «яшил» ўтиш, жумладан, қайта тикланувчи энергия манбалари ва энергия жамлаш тизимларини ривожлантириш ҳамда иқтисодиётнинг углерод сиғимини камайтириш;
  • муҳим минерал ресурсларни чуқур қайта ишлаш орқали тўлиқ қўшилган қиймат занжирини шакллантириш;
  • машинасозлик ва саноат ускуналарини ривожлантириш, замонавий юқори технологик саноат иқтисодиётини шакллантириш;
  • ахборот технологияларини ривожлантириш, жумладан, сунъий интеллект ва рақамлаштириш соҳасидаги дастурларни амалга ошириш;
  • ишлаб чиқариш жараёнларини автоматлаштириш ва рақамли бошқарув тизимларини жорий этиш ҳисобига юқори технологик ва экспортга йўналтирилган ишлаб чиқаришлар ҳамда саноат кооперацияси марказларига айланиши кўзда тутилган замонавий махсус иқтисодий зоналарни ташкил этиш.

Хабар қилинишича, Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) кўмагида япон модели ва стандартлари асосида махсус иқтисодий зона ташкил этиш лойиҳаси тайёрланмоқда.

Япония сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг асосий иқтисодий ва технологик ҳамкорларидан бирига айланди. Саккиз йил ичида мамлакатлар ўртасидаги товар айланмаси 2 баробарга, Ўзбекистонда фаолият юритаётган япон корхоналари сони эса 10 баробарга ошди, дейилади хабарда.

Агар илгари япон компаниялари Ўзбекистонда асосан пудрат лойиҳаларида иштирок этган бўлса, бугунги кунда улар мамлакат иқтисодиётига инвестиция киритмоқда, қўшма корхоналар ташкил этмоқда, бошқарувда иштирок этиб, технологиялар трансферини амалга оширмоқда ва миллий кадрларни тайёрлашга ҳисса қўшмоқда.

Икки мамлакат бизнеси ўртасида энергетика, соғлиқни сақлаш, геология, ахборот технологиялари, инфратузилма ва бошқа устувор йўналишларда кооперация йўлга қўйилган.

Учрашув якунида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Япония иқтисодиёт, савдо ва саноат вазири Рёсэй Аказава иштирокида икки томонлама келишувларни алмашиш маросими бўлиб ўтди.

Учрашувда қайси компания ва ташкилотлар иштирок этди:

Sojitz, Sumitomo, Toyota, ITOCHU, Mitsubishi, Marubeni, Daito Trust Construction, NEC, SBI Holdings, Ajinomoto, Japan Tobacco, Hitachi, Mitsui, Balcom, Eurus Energy, Chubu Electric Power, Shikoku Electric, Shimizu, Hankyu Travel International, Япония металлар ва энергетика соҳасида хавфсизликни таъминлаш ташкилоти (JOGMEC), Япония халқаро ҳамкорлик банки (JBIC), JICA, Япония экспорт ва инвестицияларни суғурталаш компанияси (NEXI), Япония ташқи савдо ташкилоти (JETRO), Япониянинг МДҲ мамлакатлари билан савдо ассоциацияси (ROTOBO), Norinchukin ва SBI Shinsei банклари, Япония туристик агентликлар ассоциацияси ва бошқалар.